Қозоғистонлик боксчи Геннадий Головкин (GGG) WBO чемпионлик камари соҳиби Билли Жо Сондерсга қарши жанг учун энг катта миқдордаги гонорарини олиши мумкин. 

Головкин ўрта вазн тоифасида 5 та асосий бокс версиясидан 4 тасида – WBC, IBO, WBA ва IBF’да чемпионлик камарига эга. Унинг бош орзуси барча версиялардаги чемпионлик камарларини олишдан иборат.   

Аввалроқ барча 5 та камар учун кечадиган Головкин — Сондерс жанги Остонада ёзда "ЭКСПО-2017" кўргазмаси доирасидаги бокс кечасида ўтказилиши мумкинлиги маълум қилинганди.

Сондерс Головкин билан "Остона тугул, далада ҳам жанг қилишга тайёрлигини" айтган ва қозоқлар томондан таклиф қилинаётган шароитлар уни тўлиқ қониқтиришини таъкидлаб ўтган.

26 март куни Boxing Kingdom твиттерида ESPN спорт канали журналисти Дэн Рафаэлга иқтибос келтирилган ҳолда Головкинга ушбу жанг учун тўланадиган гонорар миқдори 10 млн долларни ташкил қилиши маълум қилинган. 

Бу гонорар GGG фаолиятидаги рекорд гонорар бўлиши мумкин. Аввалроқ енгилмас қозоғистонлик британиялик Келл Брук билан жанги учун 4 млн доллар олганди. 

Головкин профессионал рингда ўтказган 37 та жангидан барчасида зафар қучган.