Хитой ҳукумати Бразилиядан гўшт маҳсулоти импортига қўйилган чекловни олиб ташлади. Бу ҳақда ХХР ТИВ расмий вакили Хуа Чуньин душанба куни маълум қилди.

"Хитой профилактик характерга эга бўлган тегишли вақтинчалик чекловларни олиб ташлади ҳамда чегарадаги ҳар кунлик санитария назорати режимини тиклади. Бразилия Пекинни сифатсиз гўшт маҳсулоти ишлаб чиқарувчилари ҳамда етказиб берувчиларига нисбатан тегишли чоралар кўрилганини хабардор қилди", - дея таъкидлаб ўтди у.

Бразилия федерал полицияси 17 март куни муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланган йирик жиноий гуруҳнинг 30дан ортиқ иштирокчисини ҳибсга олди. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг хабар беришича, махсус амалиётда тахминан 1,1 минг ходим иштирок этган. Икки йил давомида ўтказилган суриштирув объектига эса нафақат ички бозорда, балки маҳсулотини хорижга экспорт қилувчи Бразилия компаниялари айланди. 

Бир қатор давлатлар эса гўшт можароси фонида бу ишга алоқадор бўлган маҳсулотлардан вақтинчалик воз кечиш ҳақида қарор қабул қилишди. Чили, Мексика, Вьетнам, ХХР Бразилия гўшти импортини вақтинчалик тақиқлаб қўйган бўлса, ЕИ, Япония, Канада ва ЖАР гўшт импортига қатор чекловлар қўйди.