Хитойнинг йирик Anhui Conch Cement Company Limited компанияси Самарқандда "Умар" қурилиш ва ишлаб чиқариш корпорацияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Улар цемент заводи яратиш борасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.

26 март куни Хитойнинг жануби-шарқидаги Аньхай провинциясидан Самарқандга ишбилармонлар гуруҳи ташриф буюрди. Делегация таркибида цемент ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан бири Conch компаниясининг турли департаментлари раҳбарлари бўлган. 

Хитой вакили ХХР раҳбариятининг "Буюк ипак йўли" концепциясини фаол илгари суриши ҳақида сўзлар экан, шундай деди: "Корпорациямиз давлат корхонаси ҳисобланар экан, бизнинг олдимизга бу йўлда жойлашган мамлакатлардаги компаниялар билан ҳамкорлик қилиш вазифаси қўйилган".

Хитойлик меҳмоннинг сўзларига кўра, Conch компанияси Россияда бир неча завод қурган, энди эса у Марказий Осиёда ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. "Биз Ўзбекистонда хорижий компаниялар учун яратилган инвестицион иқлим ҳақида яхши биламиз, - деди у. - Биз бу ерда йилига 2 миллион тонна цемент ишлаб чиқарувчи  завод қурмоқчимиз".

Салоҳиятли сармоячилар "Умар" копорацияси раҳбари Умар Ражабов билан бирга цемент заводини қуриш имкониятларини ўрганиб чиқишди. Улар корхона қуриш учун таклиф қилинган ҳудудларда бўлишди, шунингдек инфратузилма, электр энергияси ва газ манбаларига уланиш имкониятларини ўрганишди. 

Меҳмонларга айниқса Миронкўл тоғлари хуш келди. Ёмғирли об-ҳавога қарамай, улар цемент учун асосий хом-ашё бўлган оҳактош конини яхшилаб кўздан кечиришди, табиатдан бахраманд бўлишди, кўп суратга олишди. Маълумки, жой танлашдаги асосий мезонлардан бири хом-ашё манбаининг яқинлиги ҳисобланади. 

Шунингдек Умар Ражабов хитойлик ишбилармонларга ўзининг Чўпон ота массиви ва кимёгарлар қишлоғидаги  ишлаб чиқариш мажмуалари ҳудудини кўрсатди. Қишлоққа олиб борувчи йўлда улар шаҳар чиқиндихонасига қизиқиш билдиришди. Улар маиший чиқиндиларни кўриб, уларни қайта ишловчи корхона яратиш вариантларини кўриб чиқишга ваъда беришди. 

Хитой вакили унга Умар Ражабовнинг кўп қиррали фаолияти маъқул келганини айтди. "Жаноб Ражабовнинг икки ҳафтадан кейин Хитойга амалга оширадиган ташрифи чоғида икки томонлама протокол имзоланади, - деди меҳмон. - Биз ҳамкорлигимизга боғлиқ қолган масалаларни аниқ кўриб чиқамиз".

Anhui Conch Cement Company Limited компаниясига 1996 йилда Ҳонгконгда асос солинган. У Хитойнинг энг яхши 120 компанияси рўйхатига киради. Компания Хитойнинг 20 провинцияси, шунингдек Индонезия ва Мьянмада ўз бўлимларига эга. Компания маҳсулотлари дунёнинг 20 дан зиёд мамлакатларига, жумладан АҚШ ва Европага ҳам  экспорт қилинади. Ушбу компанияда 60 минг киши фаолият юритади. Аньхой провинцияси аҳолиси эса 64 миллион кишини ташкил қилади.

Тошпўлат Раҳматуллаев, 
Самарқанд
Суратлар муаллифга тегишли