Ҳиндистоннинг Манипур штатида автобус иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди, 25 инсон жароҳатланди. Бу ҳақда PTI агентлиги полицияга асосан хабар берди.

Ҳодиса Сенапати округидаги Импхал-Димапур йўлида душанба куни тахминан 03.30да рўй берди. Автобус йўлдан чиқиб кетиб, дарёга қулаб тушган.

ЙТҲ сабаблари ҳозирча номаълум. Жароҳат олганлар яқин орадаги касалхонага олиб кетилди. Полицияда маълум қилишларича, қурбонлар сони ортиши мумкин, сабаби жароҳатланганлардан кўпчилиги оғир аҳволда қолмоқда.

Ҳиндистонда кўплаб жиддий йўл-транспорт ҳодисалари автомобиллар кўплиги, йўл ҳолатининг ёмонлиги ва эҳтиётсиз бошқарув туфайли юз беради. Расмий статистикага кўра, ҳар куни автоҳалокатлар туфайли 400 киши ҳаётдан кўз юмади, бир йилда эса ЙТҲ оқибатида ҳаёт билан видолашганлар сони 150 минг кишини ташкил қилади.