Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 март куни “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорга имзо чекди.

Ҳужжат “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг иқтисодиётини жадал ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун янада қулай шароитлар яратиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш”га йўналтирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган юридик шахслар ўзлари ишлаб чиқараётган саноат товарларини экспорт қилиш қисмида валюта тушумини мажбурий сотишдан озод этилади (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сонли Фармони 2-иловасига киритилган хом ашё товарлари бундан мустасно).

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган, фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари (кабель-ўтказгич маҳсулотларидан ташқари), шунингдек, пардозлаш қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар 2017 йилнинг 1 апрелидан 2022 йилнинг 1 январигача бўлган даврда мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади. Бундай юридик шахслар жумласига ҳисобот йили натижалари бўйича сотувнинг умумий ҳажмида ушбу маҳсулотларни сотишдан тушадиган соф тушумнинг улуши 60 фоиздан кам бўлмаган миқдорни ташкил этувчилар киради.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган ва ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошираётган экспортёр юридик шахслар учун республика доирасида ички юк ташишга амалдаги тариф ставкалари бўйича юкларни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасигача етказиб беришга темир йўл тарифларини қўллаши белгилаб қўйилди.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси А. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р. Азимов зиммасига юкланди.