Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг фикрича, мамлакатнинг ЕИ таркибидан чиқиши янада жипслашган миллатни ташкил этиш имконини беради. У ҳозирги чегараларда ўз давлатчилигини сақлаб қолиб, "тўхтатиш имкони бўлмаган қудратли кучга айланади". Бу ҳақда Press Association агентлиги хабар қилмоқда. Агентлик бош вазирнинг 27 март куни Шотландияда қилажак чиқишидан кўчирмалар келтирган. 

"Биз янада глобалроқ Буюк Британияни ташкил этиш имкониятидан фойдаланамиз", - дейди бош вазир. Унинг сўзларига кўра, Брюссель билан бўлғуси музокаралар негизида - "кўпроқ жипслашган миллатни ташкил этиш" истаги ётади. "Ишончим комилки, биз биргаликда ишласак, имкониятларимизнинг чегараси бўлмайди. Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландиядан иборат ушбу буюк иттифоқ бирор мақсадга эришиш йўлида жон-жаҳди билан ишласа, биз тўхтатиб бўлмайдиган кучга айланамиз", - деб таъкидланади Мэй маърузасида.

Британия ҳукумат раҳбарининг бу маърузани ўқиш жойи ва вақти тасодифан танланмаган. Шотландия минтақавий парламенти 28 март куни минтақанинг мустақиллигига доир иккинчи референдумни ўтказиш ғояси бўйича овоз беради ҳамда катта эҳтимол билан уни маъқуллайди. Минтақавий парламентда кўпчилик ўринга эга Шотландия миллий партияси шундай ташаббус билан чиққан. 

Ушбу мавзу Тереза Мэйнинг Шотландия биринчи вазири, ШМП раҳбари Никола Стержен билан ўтказадиган учрашувида батафсил муҳокама қилинади. The Daily Telegraph газетасининг ёзишича, бош вазир имкониятдан фойдаланиб, Стерженнинг "юзига Brexit жараёни поёнига етмасдан аввал, Шотландиянинг мустақиллигига доир референдум бўлмаслигини очиқ" айтади.