Россияда мухолифатчи Алексей Навальний томонидан асос солинган "Коррупцияга қарши курашиш фонди" офисида ўтказилган тинтувдан сўнг барча техникалар олиб чиқиб кетилган, хонанинг ўзи эса муҳрлаб қўйилган. Навальнийнинг ўзи эса аксилкоррупция намойишида ушланган мингга яқин намойишчилар қатори кўчада ушланиб, полиция бўлинмасида тунни ўтказган.

КҚКФ офисидан техникалар олиб чиқиб кетилганлиги ва хона муҳрлаб қўйилганлиги ҳакида фонд ходимлари хабар тарқатишган. "Офисдан техникалар, жумладан менинг ноубуким олиб чиқиб кетилди... Офисни эса муҳрлашди",  деб ёзган фонд юристи Любовь Соболь.

"Бинони эвакуация қилиш, ходимларни ушлаш  буларнинг барчаси бизнинг компьютерларимиз ва янги суриштирувларимиз борасидаги маълумотларни қўлга киритиш учун қилинмоқда",  дея изоҳлаган фонд матбуот котибаси Кира Ярмиш.

КҚКФда ўтказилган тинтув якшанба куни Москва шаҳри марказида ўтказилган  келишилмаган йирик норозилик акциялар билан бир вақтда бошланди. Бу офисдан туриб бутун мамлакат бўйлаб ўтаётган норозилик акцияларидан жонли репортажлар намойиш қилинаётган эди. КҚКФ нинг Москва офисидаги барча ходимлар ушланган.

Фонд директори Роман Рубановнинг айтишича, суриштирув ҳаракатлари Россиф Федерацияси Жиноят кодексининг 282-моддаси (Инсонни обрўсизлантириб, нафрат ва душманлик уйғотиш) бўйича олиб борилмоқда.

Алексей Навальнийнинг ўзи Тверь кўчасида қўлга олинган ва айни пайтда ҳам полиция бўлинмасида турибди. КҚКФ ходимлари бошқа ҳамкасблари ҳам, жумладан, норозилик акцияларига чиқмаганлари ҳам ушлаб кетилганини хабар қилишмоқда.

"ОВД-Инфо" сайтининг маълумотига кўра, Москвада якшанба куни ўтказилган акциялардан сўнг ушланган сони мингдан ошган. Ушбу ҳибслар Россиянинг постсовет тарихидаги энг йириги, дея баҳоланмоқда.

Ушланганларнинг аксариятига митинглар ўтказиш қоидаларини бузганлик ёки ҳуқуқни муҳоаза қилиш органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсинмаслик моддалари бўйича маъмурий баённомалар тузилган. Баённомалар тузилгач, ушланганларни қўйиб юборишган, уларнинг бир қисми ички ишлар бўлинмасида тунаш учун олиб қолинган.

Таққослаш учун: 2012 йилги Болотная майдонидаги норозиликлардан сўнг 400 дан кўпроқ намойишчилар ушлангани эълон қилинган эди. 

Алексей навальний чақириғига биноан ўтказилган аксилкоррупция норозилик намойишлари 26 март куни бутун Россия бўйлаб ўтказилди. Навальний фондининг мамлакат бош вазири Дмитрий Медеведев билан боғлиқ кўчмас мулк ва бошқа бойликлар ҳақидаги суриштирув ҳаракатлари норозилик намойишлари учун асос бўлди.