Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида EXPO-2017 халқаро энергетика кўргазмаси 10 июнь-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Остона EXPO-2017» бошқарув раиси ўринбосари Ербол Шорманов хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, майдони 174 гектар келувчи кўргазма ҳудудида қурилиш ва монтаж ишлари деярли якунланди. Кўргазмада иштирок этишни 115 мамлакат ва 20та халқаро ташкилот тасдиқлади.

Кўргазма очилишидан уч ой аввал павильонларни жиҳозлаш бўйича ишлар бошланди, деб хабар берди бошқарув раиси ўринбосари.

«Кўргазма доирасида тахминан уч мингга яқин маданий тадбирлар бўлиб ўтади. Сайёҳларни жалб этиш учун кўплаб давлатларда Road show’лар ўтказдик», - деди Шорманов.

Унинг сўзларига кўра, беш миллиондан ортиқ киши ташриф буюриши кутилаётган кўргазма Қозоғистон иқтисодиёти учун жуда муҳим аҳамиятга эга.