Москвада Ravon савдо белгиси дилерларининг анжумани бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Республикаси элчихонаси тақдим этган бинода ташкил этилган. Бу давлатнинг автомобиль саноатини ривожлантириш ҳамда маҳсулотларни Россияда сотишга қанчалик эътибор бераётганини исботлайди. Анжуманнинг Ўзбекистонда Наврўз байрами тантана қилинган куни ўтказилиши ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Унда Ravon режалари ва натижалари эълон қилинди. Бу ҳақда «Колёса.ру» сайти ёзмоқда.

Ravon бош директори Шароф Ашуров 2016 йил якунларини анча ижобий баҳолашини маълум қилар экан, Россияда 50та дилерлик маркази очилгани, 1 811 дона автомобиль сотишга эришилганини билдирди. 

Ravon Nexia R3

Бироқ, ўтган йилга доир ижобий рақамлар 2017 йилги режалар олдида арзимасдек бўлиб қолди. Хусусан, дилерлик марказлари сонини 120тагача етказиш ва савдо ҳажмини 25 мартага ошириш, яъни тахминан 50 минг донага етказиш вазифаси қўйилмоқда. 

Шароф Ашуровнинг «Колёса.ру» сайтига берган интервьюсида айтишича, бозорни диққат билан ўрганиш ва прогноз қилиш шундай дейишга асос бўлади. Компания ихчам Ravon R2 модели «А» сегментининг камида 80 фоизини эгаллашига умид қилмоқда. Барча моделларнинг корпоратив савдодаги улуши камида 20 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Ҳозирданоқ, «Яндекс. Такси» ва Papa Jones, «Якитория», «Тануки» ва «Корчма» каби тармоқ бизнеслари билан шартномалар имзоланган.

Ravon R2

Савдо ўсишига йўлларда техник кўмак беришга қаратилган Ravon Assistance лойиҳаси ҳам ижобий туртки бериши керак. Бу дастур РБЭ(«Все эвакуаторы России» - Россиянинг барча эвакуаторлари) билан ҳамкорликда ишлайди. Айни вақтда, ЭРА-Глонасс билан интеграциялашуви устида иш олиб борилмоқда.

Ҳозирда, Россияда Ravon R2 ихчам хэтчбеки, Ravon Nexia R3, R4 ва Gentra седанлари сотилиши йўлга қўйилган.