Молия вазирлиги ва ДСҚнинг «Солиқ ҳисоботининг шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 21.02.2017 йилдаги 16, 2017-07-сон қарори билан солиқ ҳисоботи шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Ўзгартиришлар 2017 йил учун тақдим этиладиган солиқ ҳисоб-китобларига тааллуқли. 2016 йил учун солиқ ҳисоботи 2016 йилда амалда бўлган шакллар бўйича тақдим этилиши даркор.

Солиқ ҳисоботларидаги ўзгаришлар асосан Президентнинг 27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон Қарорининг 15-банди билан боғлиқ. Чунки 2017 йилдан эътиборан алоҳида бўлинмаларга эга бўлган (мустақил солиқ тўловчи бўлмаган) юридик шахслар ушбу алоҳида бўлинмаларнинг жойлашган жойи бўйича улар учун солиқ тўлашлари даркор. Масалан, агар Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган юридик шахс Самарқанд шаҳрида алоҳида бўлинмага эга бўлса, у мазкур бўлинма бўйича тегишли солиқларни Самарқанд шаҳри бюджетига тўлаши даркор. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2017 йилдаги 105-сон Қарори билан махсус Юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари бўйича солиқларни тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган.

Алоҳида бўлинмаларнинг жойлашган жойи бўйича қуйидаги солиқларни тўлаш назарда тутилган: фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ЖШДС, ҚҚС, акциз солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, ЯСТ.

Мазкур турдаги солиқларни тўлаш билан бирга юридик шахслар улар учун  алоҳида бўлинмаларнинг жойлашган жойи бўйича солиқ органларига солиқ ҳисоб-китобларини ҳам тақдим этишлари даркор. Шу муносабат билан ушбу турдаги солиқлар бўйича солиқ ҳисоботлари шаклларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Шунингдек, 27.12.2016 йилдаги ЎРҚ-417-сон Қонун асосида Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар муносабати билан солиқ ҳисоботларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Иқтисодий фаолият турларининг халқаро таснифлагичига ўтилиши муносабати билан (Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.2016 йилдаги 275-сон Қарори асосида) солиқ ҳисоботи шаклларида юридик шахснинг асосий фаолият турида ХХТУТ коди ўрнига энди ИФУТ коди акс эттирилиши даркор.