Охирги ҳафта ичида Туркияда аксилтеррорчилик операциялари давомида 57 террорчи бартараф этилди, улардан 46 нафари йўқ қилинди, деб хабар бермоқда Туркия ички ишлар вазирлиги.  

20 март кунидан 27 март кунигача Туркияда 311 та аксилтеррорчилик операцияси ўтказилди. Улар натижасида террорчиларга кўмак кўрсатиш гумони билан 551 киши, ИШИД билан алоқадорлик учун 42 киши қўлга олинди.

Фатҳулла Гуленнинг террорчилик оқими (FETÖ) ва PDY’га (Параллел давлат тузилмалари) қарши кураш доирасида 1210 киши қўлга олинган. Сўл оқимдаги террорчилик ташкилотларига алоқадорлик билан 11 киши ҳибсга олинган.

Тунжели, Батман, Диёрбакир, Битлис, Мардин, Ширнак ва Бингёл вилоятларида террорчиларнинг 57 та яширин жойи йўқ қилинган. Шунингдек, 29 та қўлбола портловчи қурилма ва мина йўқ қилинган, 7 кг пластит портловчи моддаси, 4 тонна бошқа турдаги портловчи моддалар, 24 та қўл гранатаси ва 52 дона ўқотар қурол мусодара қилинган.