25 март куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Хитойнинг ZTE корпорацияси ҳомийлигида ташкил этилган “интеллектуал аудитория”нинг очилиши бўлиб ўтди. 

ZTE корпорацияси Ўзбекистонда 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида иш олиб боради. Компания иштирокида ишлаб чиқариш бўйича бир неча қўшма корхоналар ва турли соҳаларда кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилган. 

Корпорация бугунги кунда электрон таълимни ривожлантириш соҳасида ҳам ўз таклифларини бериб, ТАТУда SmartClassroom, яъни, “интеллектуал синф” тизимини яратди. 

Тизим билимларни бир томонлама сингдиришдан шахсга йўналтирилган тадқиқотли ўқишга ўтишга имкон беради, бу эса талабалар билим олишининг мотивациясини кучайтириб, уларнинг салоҳиятини очилишига ёрдам беради, таълим олиш жараёни қизиқроқ кечади. 

Масофавий таълим тизими ўқитувчиларга интеллектуал аудиториядан чиқмасдан талабаларни масофадан ўқитишга ҳамда чет эл университетлари профессор-ўқитувчилари билан алоқалар ўрнатишга имкон беради. 

Ҳар бир дарс серверга ёзилади, бу эса талабалар ва ўқитувчиларга ҳар қандай қурилмадан фойдаланган ҳолда маърузани кўриб чиқишга имконият яратади. ZTE мултимедиали тизими компаниянинг ноёб дастурий таъминоти, электрон дисплей, электрон доска ва планшетлардан фойдаланиб, талабалар иқтидори ривожланишини кузатишга ҳамда талабалар билимларини ўқув машғулоти вақтида ва ундан кейин ҳам баҳолаш учун ҳар бир талабага алоҳида тест ёки бутун гуруҳни тест назоратидан ўтказиб текширишга ёрдам беради.

Электрон кутубхона имкониятлари туфайли талабалар китоблардан масофадан туриб фойдаланиши мумкин, бу эса ўқув қўлланмалар тақсимланишини анча тезлаштиради.