Бир куни кафелардан бирига кирдим. У ерда одамлар гавжум, шовқин-сурон… Овозларни эшитмасликка ҳаракат қилдиму, лекин ёнимда бўлаётган муҳокамани жон дилим билан эшитдим. Бир гуруҳ қизлар “юртимиздаги волонтёрлик соҳаси, унинг ривожи, керакли ғоя ва IT технологиялар” ҳақида баҳс олиб борарди…

Шундай қилиб волонтёрлик нима? Ушбу соҳанинг дунёда ва юртимизда ўрни, ривожи қай даражада?

Волонтёрлик асли французча volontaire сўзидан олинган бўлиб, «кўнгилли», “ўз хоҳишига кўра иш қилувчи” маъноларни англатади. Волонтёрлик ҳаракати - ҳозир дунёда кенг тарқалаётган машҳур соҳалардан бўлиб, истаган соҳа, мақом, лавозимдаги одамлар, кўнгиллилар қаторида бўлиб жамият, инсонларнинг турли муаммолари ечимига, уларнинг ҳаёти ҳар томонлама яхшиланишига хизмат қилувчи, шунга доир турли лойиҳалар тузувчи ва энг асосийси, маблағ ёки бирор моддий ёрдам талаб қилмайдиган, бир эзгу мақсад сари бирлашган гуруҳга айтилади. Бунда эса, киши ўз хоҳиши, савоб қилиш ва ёрдам бериш истаги орқали волонтёрларга қўшилиши мумкин.

Масалан эътибор берган бўлсангиз, баъзи супермаркетларда махсус эҳсон қутилари бор. У ерга тушган маблағ турли касалликлар билан оғриган болалар, одамларнинг муолажасига сарфланади.

Волонтёрлик термини ва ушбу соҳа ривожланиши кўп йиллик тарихга эга эмас. У илк марта Европада 1990 йили жамиятнинг маданий, иқтисодий, экологик йўналишларида тузилган Халқаро Кўнгиллилар Ассоциациясининг XI Конгрессида волонтёрлик ҳаракати тузилгандан бошлаб, оммалаша бошлади.

Волонтёрлар ҳаракатини ташкил қилишдан асосий мақсад эса аҳолини, айниқса, ёшларни жамият ҳаётига яна ҳам жалб қилиш билан, бағрикенглик, ўзаро ёрдам, ҳурмат, сабр, ўзгалар муаммосига бефарқ бўлмаслик, дахлдорлик ҳисси ва бошқа фазилатларни ривожлантириш орқали, фуқаролик жамиятини барпо қилиш - бош вазифа қилиб белгиланган. Айнан шунинг учун бутун дунё беғараз волонтёрликни тарғиб қилмоқда. Европа Ҳамжамияти бу йўлда илк қадамини 2001 йилни “Волонтёрлик йили” деб эълон қилиш билан бошлади.

Агар волонтёрлар сони 1987 йилда 80 миллион бўлса, 2009 йилга келиб эса, 130 миллионни ташкил этди. Уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади.

Волонтёрликка кириш эса, истаган одамнинг ўз индивидуал ҳаракатидан ҳам бошланади: масалан, текинга, яхшилик учун қабрларни озода сақлаб, тозалаб юриш, меъморчилик обидаларини таъмирлаш, қурувчиларга ёрдам бериш ва ҳоказо. Албатта, булар савоб иш учун қилинган ёрдам бўлиши мумкин, лекин волонтёрлик шундай кичик ишлардан бошланади.

Волонтёрлар гуруҳи, бошқа соҳалар каби ўз мақсадларига эришишда, олдиларига турли вазифаларни қўйганлар:

-Мустақиллик;

-Ўзаро бирлик;

-Универсаллик;

-Инсонпарварлик;

-Холислик;

-Ўзаро ҳурмат.

Ҳар бир волонтёр гуруҳи кимга ёки нимага, нима учун ёрдам беришаётганини аниқ билган ҳолда, лойиҳаларини аниқ белгилаб оладилар. Мисол учун, ўзим учратган волонтёр қизларнинг лойиҳа режаси қуйидагича: улар IT, компьютер дастурлари соҳасида 15-18 ёшлар атрофида бўлган қизларни жалб этиш ва шу орқали жамиятда қизларнинг ролини янада оширишдир. Уларнинг телефон иловалари учун 4 та лойиҳаси бор:

1. Кимдир келажакда қайсидир касб эгаси, масалан, хонанда бўлмоқчи бўлса, ўзига керакли барча маълумот, телефон рақамлари, керак бўлган манзилларгача акс этган, махсус, бепул илова ишлаб чиқиш;

2. Юртимиз хариталарини Google орқали янада мукаммалаштириш, хато ёки харита тўлмаган жойларни тўлдириш, харитани ҳамма тушунувчи ҳолатга келтириш. Бу орқали сайёҳларга, аҳолига ёрдам беришга мўлжалланган илова ишлаб чиқиш;

3. Ҳар кимда мавжуд турли кераксиз буюмларни муҳтож одамларга қулай тарзда жўнатиш учун мўлжалланган махсус илова ишлаб чиқиш;

4. Ёшлар қилмоқчи бўлган мақсадларни амалга оширишга, масалан, IELTS’га тайёрланувчилар учун ёрдам берувчи, керакли маълумот, хабарларни етказувчи махсус илова ишлаб чиқиш.

Юқорида айтилган, волонтёрлар шундай илова, дастурларни халқ учун, биз учун қилишаётган экан, улар жамоатчилик фикрлари орқали қайси лойиҳа кўпроқ манзур ва керак бўлишини билиб олишлари муҳим. Шунинг учун, улар ҳам мен ва бошқалардан ўша заҳоти, керакли фикрларни олишди.

Албатта, ана шундай ўсаётган волонтёрлар ҳаракатига парвозлар тилаган ҳолда, айтмоқчиманки: ҳозирда дунёда соатлаб турли соҳа, технология, ахборот ва хизматлар ривожланмоқда, уларнинг аксарияти эса, эзгу мақсад йўлида эмаслиги барчамизга аён…

Лекин, шундай хизматлар орасида инсоннинг ҳаётини, яшаш тарзини, фаолиятини бирон маблағ талаб қилмай яхшиловчи, бунга кўмаклашувчи хизматлар ҳам бор. Ана шу ҳаракат аъзолари эса, орамизда юриб, изланишмоқда, ёрдам беришмоқда. Шундай экан, биз уларга ёрдам беришимиз, уларнинг лойиҳаларида қатнашиб, яхшилик йўлида жамиятни янги поғонага олиб чиқиш учун интилишимиз керак.

 

Нозима Олимова
ЎзМУ Журналистика факультети талабаси