Ядро қуролини глобал тақиқлаш бўйича музокаралар бундай қуролга эга давлатларнинг иштирокисиз мумкин эмас, деб маълум қилди Япония ТИВ раҳбари Фумио Кисида.

"Улар (музокаралар) нафақат ядро қуролисиз дунёни яратишга ёрдам бермайди, балки ядро давлатлари ҳамда ядро қуролига эга бўлмаганлар ўртасида можаролар янада чуқурроқ авж олишига туртки бериши мумкин", - дея Кисиданинг сўзларини келтиради Киодо агентлиги.

Вазирнинг таъкидлашича, Япония атом бомбардимонига учраган ягона қурбон-давлат сифатида ядро қуролидан воз кечиш бўйича ҳаракатларни давом эттиради.

БМТда ядро қуролини бутунлай тақиқлаш ҳақидаги конвенцияни ишлаб чиқишга оид анжуман 27 март куни очилди. АҚШ доимий вакили Никки Хейлининг маълум қилишича, деярли 40та давлат, улар орасида Россия ва Хитой ҳам бор, музокараларда иштирок этмайди.

Маълумот учун, айни дамда ядро қуролига саккизта мамлакат эга - Россия, АҚШ, Хитой, Буюк Британия ва Франция, шунингдек Ҳиндистон, Покистон ҳамда Шимолий Корея.