Австралия бош вазири Малколм Тернбулл Квинсленд штатида табиий офатлар вақтида ишга тушириладиган федерал дастур жорий қилинганини эълон қилди. Мамлакат шимоли-шарқига даҳшатли тропик циклон "Дебби" кириб келиши шундай қарор қабул қилишга сабаб бўлган. У 28 март тушдан сўнг, соҳил чегараларига етиб келган.

"Квинсленд шимоли-шарқидаги вазият кескин ёмонлашаяпти", - деган ҳукумат раҳбари парламентдаги чиқишида. Унинг сўзларига кўра, табиий офат қоқ марказида шамол кучи соатига 270 кмни ташкил этмоқда. 

"Табиий офат минтақасига мингга яқин ҳарбий жўнатилди, улар ёрдам беришга тўлиқ шай", - деб таъкидлаган Тернбулл. Унинг айтишича, қутқарувчилар ишига бригада генерали Кристофер Филд раҳбарлик қилади. У 2011 йилда ҳам Квинсленддаги табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларини бошқарган. 

Австралия суғурта компаниялари миллий кенгаши "Дебби" тўфонини ҳақиқий табиий офат деб атади.