Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси ФИФА томонидан дисквалификация қилиниши мумкин. Бу ҳақда Marca хабар тарқатди.

Бундан аввалроқ, ОАВда ЖЧ-2018 саралаши доирасида Аргентинанинг Чилига қарши учрашуви вақтида Месси қанот ҳакамларидан бирини ҳақорат қилгани ҳақида хабар қилинган эди. 

Бу маълумот ФИФАга ҳам етказилган, федерация Аргентина терма жамоасидан бу борада изоҳ сўраган. AFA эса буни тасдиқлайдиган исбот йўқлигини маълум қилган.

Шундан сўнг ФИФА учрашувда ишлаган бразилиялик ҳакамлар бригадасига мурожаат қилган. Улар бир овоздан Мессидан ҳақоратли сўзлар эшитишмаганини айтишган.

ФИФА эса ҳакамлар бу хабарни тасдиқламаган бўлсада футболчини жазолаш ҳуқуқига эгалигини эслатиб ўтган.