ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи А гуруҳи 7-турида Қатарга қарши кечган ва 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Муҳим учрашув ўтказдик. Ғалаба биз учун керак эди ва биз бунга эришдик. Қимматли 3 очкога эга бўлдик. Бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга ташаккур айтмоқчиман. Ўйиндан олдин рақибнинг ўйинини инобатга олган ҳолда стандарт вазиятларга тайёрлангандик.

Аввал ҳам айтиб ўтганимдек, ғалаба ва мағлубият бир-бирига яқин юради. Ғалаба қозондик, аммо таркибда муаммолар бор. Менинг Ўзбекистон клубларига эътирозим бор: «Пахтакор», «Бунёдкор». «Пахтакор»нинг бир йўла 3 футболчиси жароҳат олганди: Сергеев, Андреев, Лобанов. Клублар билан жиддий иш олиб боришимиз зарур.

Ҳисобни очгандан кейин уни ушлаб туришга ҳаракат қилдик. Чунки Қатар терма жамоаси қанотларда кучли ўйин кўрсатади. Мерзляков бирорта ҳам ўйин ўйнамаганди. Йиғинда у керакли кўрсатмаларни олди. Футболчиларимга эътирозим йўқ, улар майдонда бор кучини берди.

Гуруҳда осон ўйинлар йўқ. Навбатдаги ўйин Эронда бўлиб ўтади. У ерда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Ҳатто дуранг ҳам бизни қониқтирмайди», – дея Самвел Бабаяннинг сўзларини келтирган ЎФФ расмий сайти.