28 март куни Тошкент шаҳар ҳокимиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бўйича пойтахтда амалга оширилаётган ишлардан аҳолини бохабар қилишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисобот берди. 

Маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётган мазкур фармон асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий мавзулар бўйича раис ўринбосари, шунингдек, Республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимини жорий этиш назарда тутилган.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади.

Фармон асосида жорий этилаётган лавозимларга ватанпарвар, ҳар жиҳатдан етук ва фидойи кадрларни танлаб олиш мақсадида жойларда сайловлар ўтказиш режалаштирилган. Шу мақсадда 2017 йилнинг 23 февралида Олий Мажлис Сенатининг "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фуқаролар йиғинларида сайловларни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинди.