Ўтган йили Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ-406-сон) қабул қилиниб, ёшларга оид давлат сиёсати, ёшлар (ёш фуқаролар), ёш оила, ёш мутахассис ва ёшлар тадбиркорлиги каби тушунчаларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилганди.

Қонуннинг 3-моддасига кўра, ёш оила – эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл) – деб, белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги 250-сонли “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Камолот”нинг кўп квартирали уйлари ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредитлари асосида ажратилади.

Ўзбекистон “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 43-моддасидан келиб чиқиб, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, шунингдек “Камолот”нинг кўп квартирали уйларининг www.kamolotuyi.uz расмий веб-сайтининг виртуал қабулхонасига ҳамда бошқа ташкилотлардан келаётган кўплаб жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳисобга олиб, “...фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила...” – тушунчасига (ота ёки онага никоҳ тузилганлиги ёки тузилмаганлигининг шартлиги) расмий шарҳ берилишини сўраб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан жорий йилнинг 24 февралидаги 02-09/139-сонли берилган жавоб хатида, мазкур қонунчиликка киритилган янги қоида ёлғиз ота ёки ёлғиз она тушунчасига уларнинг илгари никоҳдан ўтганлиги ёки ўтмаганлиги ёхуд никоҳдан ажрашмаганлиги шарт эмаслиги келтириб ўтилган.

Бундан келиб чиқадики, қонунчиликка мувофиқ, қонуний никоҳдан ўтмаган фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз ота ёки ёлғиз она ҳам “ёш оила” ҳисобланади ҳамда юқорида келтирилган 250-сонли Қарорга мувофиқ “Камолот уйи”ни олишга даъвогарлик қилиши мумкин.