Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев олиб борди.

Сенаторлар “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ тайёрланди.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, ушбу Қонун суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга ва эркинлаштиришга, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширишга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига, “Судлар тўғрисида”ги ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларда қамоққа олиш тарзидаги жиноий жазони бекор қилиш назарда тутилмоқда, шу билан бир вақтда жиноий жазолар тизимига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тури – “мажбурий жамоат ишлари” киритилмоқда. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни қамоқда сақлаш муддати 72 соатдан 48 соатгача, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек дастлабки тергов муддатлари 12 ойдан 7 ойгача қисқартирилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйишга ва мурдани эксгумация қилишга санкциялар бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга бериш назарда тутилмоқда. Шундай қилиб, суд иши юритувида “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳаси кенгайтирилмоқда, жиноят жараёнида суд назорати роли ва аҳамияти кучайтирилмоқда. Қонунга мувофиқ судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад этишда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда суд томонидан қўшимча тергов ўтказиш учун жиноят ишини қайтариш институти бутунлай бекор қилинмоқда, суд текшируви жараёнида камчиликларни тўлдириш механизмлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Қонунда фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилмоқда.

Қонун билан вилоят даражасидаги жиноий ва фуқаролик ишларини судлар томонидан кўриб чиқиш институтини бекор қилишни, назорат тартибида протест келтириш бўйича судларнинг тегишли раислари ва прокурорлари ваколатларини истисно этишни назарда тутувчи тегишли тузатишлар киритилди. Қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқишга доир бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.