Покистонда йўловчи поезди нефть олиб кетаётган автоцистерна билан тўқнашиб кетиши оқибатида камида 2 киши ҳалок бўлди, 10 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда Geo TV телеканали. 

Воқеа 28 мартга ўтар кечаси Панжоб вилоятидаги Шайхупур округида юз берган. Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, темир йўл ўтиш жойи олдида автоцистернанинг тормози ишламай қолган. Бундан ташқари, поезд яқинлашаётган вақтда ўтиш жойидаги шлагбаум кўтарилган ҳолда бўлган.

Тўқнашув оқибатида поезд машинисти ва унинг ёрдамчиси ҳалок бўлган. Поезднинг 5 та вагони аланга ичида қолган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни тезда ўчира олишган.