АҚШнинг Европадаги ракеталарга қарши мудофаа иншоотлари ва Россия чегаралари яқинида жойлашган ракетали кемалари хавфсизлик учун ўта йирик таҳдиддир. Россия Бош штаби Бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари Виктор Познихир РИА Новостига шундай баёнот берди

Шарқий Европадаги РҚМ базалари ҳамда кемалардаги ўт очиш нуқталари Россияга кутилмаганда ракета-ядро зарбаси бериш учун кенг имконият тақдим этади. Унинг изоҳ беришича, АҚШнинг ракеталарга қарши жиҳозланган крейсер ва эсминецлари бир вақтнинг ўзида Tomahawk қанотли ракеталарини ҳам ташийди. Улар 2,5 минг км масофадаги нишонни ура олади. 

«Қора ва Болтиқ денгизларида кемаларнинг патруллик қилиши Россиянинг Европа қисмидаги иншоотларига хавф солади. Чунки, учириш қурилмаларига айнан қандай қурол — ракеталарга қарши қуролларми ёки қанотли ракеталар жойлаштирилгани бўйича ноаниқлик бор», — деб таъкидлаган Познихир.

Унинг сўзларига кўра, Руминия ва Польшадаги РҚМ базаларида ҳам универсал учириш қурилмалари мавжуд. Бундан ташқари, уларга қанотли ракеталарни яширинча ва жуда қисқа вақт ичида жойлаштириш мумкин.