ЖЧ-2018 саралаши доирасининг учинчи босқич 6-турида Австралия майдонига сафар қилган Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради.

Ушбу натижадан кейин БАА футбол федерацияси терма жамоа бош мураббийи Маҳди Алини истеъфога чиқарди.

Айни вақтда БАА В гуруҳида 6 турдан кейин 9 очко тўплаган ҳолда тўртинчи ўринда қолмоқда. Учинчи ўрин учун тўғридан-тўғри рақиб Австралия ўзаро учрашувдаги ғалабадан кейин очколари сонини 13тага етказди ва орадаги фарқ 4тага етди.

Маҳди Али 2012 йилнинг августидан буён терма жамоани бошқариб келаётганди. Унинг бошқарувида амирликларнинг «олтин авлоди» 2013 йили Форс кўрфази кубоги ғолиби, 2014 йилда шу турнирда бронза медаль соҳиби бўлган, 2015 йили эса Осиё Кубогида учинчи ўринни эгаллаган.