Шотландия ассамблеяси (парламенти) кутилгандек, мамлакатнинг биринчи вазири Никола Стерженнинг Буюк Британия таркибидан чиқиш бўйича янги референдум ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Стержен бошчилигидаги Шотландия миллий партияси депутатлари "яшиллар" кўмагида ушбу масала бўйича зарур миқдордаги кўпчилик овоз тўплаганлар. Шу тариқа партия Буюк Британия парламентига референдум ўтказилиши ҳақида расмий сўров бериш ҳуқуқини олди.

Янги референдум ўтказилиши ғоясини 69 депутат қўллаб-қувватлаган, 59 депутат унга қарши чиққан. Депутатлар шунингдек Стержен томондан таклиф қилинган референдумни ўтказиш жадвалини маъқуллашди. Унга кўра, референдум 2018 йил кузидан 2019 йил баҳоригача ўтказилади.

Ўтган йил Шотландия Буюк Британиядан фарқли ўлароқ, Европа Иттифоқидан чиқишга қарши чиққанди. Стержен Буюк Британия ҳукумати томондан шотландияликлар манфаатларини ҳисобга олишга уринишни кўрмаётганини ва шу сабабли мустақиллик бўйича янги референдум ўтказилишига эришишини айтган.