Истанбул шаҳри прокуратураси Туркия президентига қарши баннер юзасидан тергов ишларини бошлади. Унда Ражаб Тоййиб Эрдўған суратига қаратилган пистолет ҳамда пастки қисмида «Эрдўған ўлдирилсин» сўзлари ёзилган бўлган, деб ёзмоқда Hurriyet нашри.

Таъкидланишича, баннер Швейцариянинг Берн шаҳрида Курдистон Ишчи партиясини қўллаб-қувватлаш митинги иштирокчиси томонидан осиб қўйилган. 

Тергов жараёни «террорчилик ташкилотини ташкил этишни ташвиқот қилиш», «террорчилик ташкилотига аъзолик» ва «президентни таҳқирлаш» бўйича олиб борилмоқда. 

Яна бир тергов Швейцариянинг ўзида маҳаллий прокуратура томонидан бошланган. Берн полицияси вакилининг сўзларига кўра, «жиноят ва зўравонликка ошкора даъват» қилингани сабаб суриштирув ишлари бошланган.

Полиция вакилининг қўшимча қилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари баннерни кўрган заҳоти акция мобайнида уни қайта очмасликлари учун барча чораларни кўришган, бироқ ҳеч кимни ҳибсга олмаган.