Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев олиб борди.

Сенаторлар “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Сенаторлар “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига киритилаётган ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар янги тузилаётган маъмурий ва иқтисодий судлар фаолиятининг тегишли ҳуқуқий базасини яратишга қаратилганлигини таъкидладилар.

Хусусан, Олий хўжалик суди ва Олий суднинг бирлаштирилиши, иқтисодий судлар ташкил этилиши, ҳарбий судларнинг мақоми қайта кўриб чиқилиши муносабати билан “Судлар тўғрисида”ги Қонундан хўжалик судларининг фаолиятини тартибга солувчи нормалар чиқариб ташланмоқда, округ ҳарбий судлари ва ҳарбий ҳайъатлар тугатилмоқда.

Олий суд тузилмасига маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича ҳайъатлар киритилмоқда, ҳарбий ҳайъат бекор қилинмоқда.

Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар маъмурий судлар тасарруфидаги иш тоифаларини аниқ белгилаб бермоқда. Бу давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан шикоятлар ва аризалар билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилиши муносабати билан “Судлар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ Кенгаш зиммасига судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш функциялари юклатилмоқда. Шундай тартиб белгиланмоқдаки, унга кўра судья Судьялар олий кенгашининг хулосасисиз жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас. Кенгаш Раисига Олий суд Пленуми мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда.

“Судлар тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ судьяларни сайлаш (тайинлаш), улар ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тартиби белгиланмоқда.

Қонунда судья лавозимга биринчи марта беш йиллик муддатни, навбатдаги ўн йиллик муддатни ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврини белгилаш, умумий судьялик стажидан келиб чиққан ҳолда судьяларнинг ваколат муддатини ҳисоблаб чиқариш тартиби, судлар раисларини 5 йилга сайлаш (тайинлаш), айни бир судда ушбу лавозимни сурункасига икки муддатдан ортиқ эгаллаш мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари учун судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судларнинг судьялари учун 65 ёшни ташкил этади. Олий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши мамлакат Президенти томонидан, бошқа судларнинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши Судьялар олий кенгаши томонидан беш йилгача узайтирилиши мумкин.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг нуфузини янада оширишга, чинакам мустақиллигини таъминлашга, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича судлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.