Шавкат Мирзиёев Қизилтепа туманидаги “Ванғози агро” фермер хўжалиги шийпонида бўлиб, вилоятда қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Тумандаги Тўдакўл сув омбори ҳавзасида Вьетнам технологияси асосида йилига минг тоннадан зиёд балиқ балиқ етиштириш мўлжалланмоқда. Натижада вилоятда йилига балиқ етиштириш кўрсаткичи 8,5 минг тоннага етказилади. 

Тумандаги “Аква Тўдакўл” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси томонидан балиқ чавоғи етиштирувчи инкубацион цех, 250 тонналик музлаткичли омборхона, минг тонна балиқни қайта ишлаш, 400 тонна балиқ филеси ҳамда 350 тонна ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилиши режалаштирилган. "Ипотека банки" кредити эвазига янги ҳавзалар қазиш ва уларда сув таъминотини яхшилаш учун хориждан махсус техника ва механизмлар, насослар сотиб олинади. 

Лойиҳанинг умумий қиймати 18,7 миллиард сўм бўлиб, шундан 13,3 миллиард сўми банк кредитлари, 5,4 миллиард сўми корхона маблағидир. Ушбу лойиҳа халқимиз дастурхонига сифатли балиқ маҳсулотлари етказиб бериш, 90га яқин иш ўрни яратиш имконини беради. 

Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Ушбу ҳавзалардан фойдаланишни тартибга солиш, ноқонуний балиқ овлашга чек қўйиш, бу ерда инкубация цехлари ташкил этиш ҳисобига етиштирилаётган балиқ ҳажмини келгуси уч йилда 20 минг тоннага етказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, кўл ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича мамлакатимизнинг барча вилоятларига 14 ҳудуд ажратиб берилди. Ушбу ҳудудларда вилоятлар томонидан балиқ етиштириш ва уни муҳофаза қилиш ишлари ташкил этилади. 

Президент Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида прокуратура, ишки ишлар бошқармалари ходимларидан иборат махсус отрядлар ташкил қилиш ва кўл ҳудудини броконьерлардан тозалаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Етиштирилган маҳсулотни экспорт қилиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.