2017 йилнинг 28 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида “Олий таълимдан кейинги таълимнинг истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. 

Тадбирда таълим тизимида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш йўлида қилинган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий ўқув юртидан кейинги таълимни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 2017 йил 16 февралдаги ПФ-4958-сонли фармонига асосан мамлакатимизда олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг уч йилга мўлжалланган икки босқичли тизимга ўтиши жорий этилди. 

Унга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълим икки поғонали бўлади: 

1. Диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи Таянч докторантура;

2. Диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими.

Кимларга илмий даражалар берилади?

Тегишли фан тармоғи бўйича Фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси магистр даражасига ёки мутахассислик дастурлари бўйича олий маълумотга эга бўлган ёхуд тиббиёт фанлари учун клиник ординатурани тугатган ва ўрнатилган талаблар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертацияни ҳимоя қилган шахсларга берилади.

Фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси эса фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ёки хорижий давлатларда берилган, унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган ва ўрнатилган талаблар бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини олиш учун диссертацияни ҳимоя қилган шахсларга берилади.

Кимлар қабул қилинади? 

Таянч докторантурага ўрнатилган талабларга мувофиқ магистр даражасига ёки олий маълумотга (мутахассислик дастурлари бўйича) эга бўлган ёхуд клиник ординатурани тугатган (тиббиёт фанлари учун) шахслар қабул қилинади.

Докторантурага фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ёки хорижий давлатларда берилган, унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган шахслар қабул қилинади. 

Шунингдек, ўрнатилган тартибда мустақил тадқиқотчи сифатида расмийлаштирилган, магистр даражасига ёки олий маълумотга (мутахассислик дастурлари бўйича) эга бўлган ёхуд клиник ординатурани тугатган (тиббиёт фанлари учун) шахсларга ҳам фалсафа доктори (PHD) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга рухсат берилади.

Мустақил тадқиқотчи сифатида расмийлаштирилган, фалсафа доктори (PhD) ёки фан номзоди ёки хорижий давлатларда берилган, унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган шахсларга ҳам фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини олиш учун Докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга рухсат берилади.

Ҳозирги кунда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талаблари ва олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилмоқда.