Тошкет давлат аграр университети ва Андижон қишлоқ хўжалик институти билан Жанубий Урал давлат аграр университети ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича битимлар имзоланди.

Жорий йилнинг 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида Тошкет давлат аграр университети ҳамда Андижон қишлоқ хўжалик институти билан Россия Федерациясининг Жанубий Урал давлат аграр университети ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича битимларни имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кун.uz манбаси хабар берилмоқда.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларининг Жанубий Урал давлат аграр университети билан ҳамкорлиги 2008 йилда йўлга қўйилган бўлиб, ўтган давр мобайнида мазкур таълим даргоҳида Тошкент давлат аграр университети ва унинг Нукус филиали, Самарқанд ва Андижон қишлоқ хўжалик институтларининг 600 нафардан кўпроқ талабаси ва битирувчиси амалиёт ва тажриба ўтаб қайтишди.

Меҳмонлар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўсимликларни биологик ҳимоялаш борасидаги тажрибани чуқур ўрганиш, Россия Федерациясида уни жорий қилиш масалаларига катта қизиқиш борлиги алоҳида таъкидланди.

Олийгоҳлар ўртасидаги шартномалар Тошкент Давлат аграр университети ректори Б.Сулаймонов, Андижон қишлоқ хўжалик институти ректори А.Авдувасиқов ҳамда Жанубий Урал давлат аграр университети ректори В.Литовченко томонидан имзоланди.