Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Рус тили ва адабиёти марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Мажид Каримов, Россия Федерацияси Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик масалалари бўйича махсус вакили Михаил Швидкой, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда, жумладан, маданий-гуманитар ва таълим соҳасида ҳам изчил ривожланаётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг музокараларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлаётганини таъкидлади.

Олий таълим йўналишидаги ҳамкорлик самарасида Ўзбекистонда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, И.Губкин номидаги Россия нефть ва газ университети филиаллари фаолият юритмоқда.

Суратлар муаллифи: Ҳикматилла Пўлатов

“Россотрудничество” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган Рус тили ва адабиёти маркази икки давлат ўртасида таълим соҳасида изчил ривожланиб бораётган муносабатларнинг яна бир ёрқин далили бўлди. Ушбу марказ ваколатхона томонидан тақдим этилган турли ўқув ва бадиий адабиётлар, дарслик, ўқув материаллари, аудио ва видео қўлланмалар, замонавий ўқув технологиялари билан жиҳозланган. Бу ерда профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда рус тили ва адабиёти ихлосмандлари турли семинар-тренинглар ўтказиш, ўқув курслари ташкил этиш, классик ва замонавий рус адабиёти намуналари, соҳага оид сўнгги янгиликлар билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Суратлар муаллифи: Ҳикматилла Пўлатов

– Тошкентдаги нуфузли олий ўқув муассасасида Рус тили ва адабиёти марказининг очилиши мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишида муҳим қадам бўлди, – деди М.Швидкой. – Ўзбекистонда Пушкин, Толстой, Лермонтов қанчалик ардоқланса, Россияда Навоий, Бобур, Машраб асарлари шунчалик севиб ўқилади. Мазкур марказнинг ишга тушиши мамлакатларимиз ўртасида йўлга қўйилган педагог ва талабалар алмашинувини янада фаоллаштиришга, соҳада ўзаро фикр ва тажриба алмашишни ривожлантиришга хизмат қилади.

Суратлар муаллифи: Ҳикматилла Пўлатов