2015 йилнинг 10 апрелида Андижон вилояти Балиқчи тумани ИИБ профилактика инспектори, лейтенант Ш.Мирзаевга “Олимбек” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи эр-хотин мурожаат этди, деб ёзади “Постда” газетаси.

Инспектор уларни кабинетига таклиф қилиб, нима гаплигини сўради. Улар шошиб-пишиб икки бош бузоғини ўғирлаб кетишганини айтишди. Сўнг А.Исмоилов бироз ўзини босиб олиб, юз берган воқеани шундай баён этди:

-  Бизнинг икки бош говмишимиз бор. Тўққизинчи апрель куни кечки пайт ишдан қайтганимдан сўнг одатга кўра сигиру бузоқларнинг охурига пичан солдим. Сўнг уйга кириб, бола-чақа билан овқатландим. Кечаси соат ўн иккиларга яқин ухлагани ётдик. Эрталаб соат олтиларда хотиним сигир соғиш учун борса, бузоқлар йўқ. Турмуш ўртоғим уйга кириб, оғилхонанинг эшиги очиқлигини, бузоқлар эса йўқлигини айтди. Аввалига бузоқлар ўтлагани ўтлоққа кетган бўлса керак деб ўйладим. Чунки илгари ҳам шундай бўлиб турарди. Уларни излагани ташқарига чиқдим. Йўл-йўлакай қўни-қўшнилардане икки бош бузоққа кўзингиз тушмадими деб сўраб бордим. Улар елка қисиб, ҳеч қандай бузоққа кўзи тушмаганини айтишди. Ўтлоқда ҳам жониворларни топмагач, шошилиб изимга қайтдим. Хотинимга бузоқларни тополмаганимни айтдим. Кечаси ухлаб ётганимизда кимдир оғилхонага кириб, бузоқларни ўғирлаб кетибди.

-  Демак, сизнингча, молларингизни ўғирлаб кетишганми? – сўради жабрдийдадан инспектор. – Хўш, гумонингиз кимдан?

А.Исмоилов бир дақиқа сукут сақлаб, кимдан гумон қилишни билмаслигини айтди.

-  Ҳа, майли, текшириб кўрамиз. Сизлар уйингизга бораверинглар. Мен қўни-қўшниларингиздан сўраб-суриштираман. Балки, кимдир ниманидир кўргандир ёки эшитгандир, - деб инспектор эр-хотинни хотиржам қилиб кузатиб қўйди.

Қонунга кўра, ички ишлар органи ходими ўғирлик ҳақидаги аризани қабул қилиб олиши керак эди. Аммо инспектор ўзининг хизмат вазифаларига риоя этмади, жиноят юз берганлиги ҳақидаги аризани қабул қилиб олмади. У ўз манфаатини кўзлаб иш тутди, хизмат ҳудудида криминоген вазият кўрсаткичларини ёмонлаштиришни истамади. Бунинг устига шошилинч тергов-суриштирув ҳаракатларини ўтказмади, юз берган воқеа ҳақида туман ИИБ навбатчилик қисмига хабар бермади, ариза ва хабарлар китобига хабарни қайд этмади.

Орадан муайян вақт ўтиб, А.Исмоилов профилактика инспекторидан: “Ўғри топилдими, бузоқлардан дарак борми?” деб сўради. Аммо ўзининг саволига тайинли жавоб ололмади. “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деб бежиз айтишмайди. Прокуратура органлари томонидан 2016 йилнинг августида жиноятни ҳисобга олишда қасддан яшириш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Суд жиноят иши материалларини синчиклаб ўрганди, жабрдийданинг, гувоҳларнинг ва судланувчининг кўрсатмаларини тинглаб, Ш.Мирзаевни жиноят содир этишда айбдор деб топди. Жорий йилнинг 11 январь куни жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман суди Андижон вилояти Балиқчи тумани ИИБ профилактика инспектори, лейтенант Шерзодбек Мирзаевни иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига чегириб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди. Шунингдек, унга икки йил давомида моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллашни тақиқлади.

Судланувчи ўз айбига тўла иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги ҳисобга олиниб, унга нисбатан амнистия акти қўлланилди ва асосий жазодан озод этилди.

“Постда” газетасининг хабар беришича, ўтган йил давомида Ўзбекистон ЖКнинг 241\1-моддасида кўзда тутилган (“Жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш”) жиноятни содир этгани учун ички ишлар органларининг бир неча ходим суд органлари томонидан жавобгарликка тортилган.