Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Мана, милодий сана бўйича апрель ойи ҳам яқинлашиб келяпти. Одатда ҳар бир йилнинг, ҳар бир ойнинг бошланишида оммавий ахборот воситаларида, айниқса, интернет саҳифаларида мазкур йил, ой ва кунларга хос бўлган хабарлар, қизиқарли маълумотлар ёки нишонланадиган байрамлар ҳақида мақолалар берилади. Жумладан, апрель ойи яқинлашаётгани сабабли интернет саҳифаларида ҳам 1 апрель кунига тегишли баъзи маълумотлар берила бошланди. Бу маълумотлар янгиликка ўч бўлган ҳар қандай одамнинг эътиборини ўзига тортмай қўймайди. Шу жумладан, менинг ҳам этиборимни тортди. Натижада 1 апрелга тегишли маълумотларни турли интернет саҳифаларидан қидириб, топиб ўқиб кўрдим.

Бу маълумотларнинг савияси ҳар хил. Баъзилари илмий маълумотларга асосланган, баъзиларини эса оддий ҳаваскорлар ёзган. Яна баъзилари олди-қочди, сафсата гаплар. Лекин энг асосийси, мазкур маълумотларнинг ҳеч бирида 1 апрель куни ҳақида инсонийлик, маънавият, илм-маърифат, ахлоқ-одоб, дину диёнатга мос келадиган бирорта ижобий тушунча йўқ. Балки барчаси бошидан охиригача байрам баҳона қандайдир кўнгилҳушлик билан шуғулланиш. Демак уларнинг мақсадлари битта – у ҳам бўлса, ҳар қандай йўл ва услуб билан кимнидир алдаш, кулдириш, мазах қилиш, масхаралаш, ташвишга қўйиш, қўрқитиш, чўчитиш, асабини бузишдир. Буларнинг натижасида қандайдир фожиалар келиб чиқиши ҳам мумкин, аммо улар бунга эътибор бермайдилар. Балки 1 апрель ҳазил куни деган баҳона билан ўзларининг кирдикорликларини яширадилар.

1 апрель кунини байрам сифатида нишонлашнинг тарихи, келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар ҳам турли туман. Бирида «оммавий қирғин, бир дин вакилларини қатлиом қилиш куни» дейилган бўлса, бошқасида Европадаги баъзи императорларнинг кўр-кўрона қилган ишлари ва тадбирларини яшириш мақсадида 1 апрелга асос солинганлиги ва бу милодий 16-асрдан бошланганлиги айтилади.

Ҳозирги кунда 1 апрелнинг қандай кун деб аталиши тўғрисидаги интернет саҳифаларида берилган баъзи маълумотлардан иқтибос келтирамиз:

  • «Ҳозир Европада нишонланаётган биринчи апрель куни одамларнинг бир-бирини алдашидан бошланган»
  • «1 апрель – алдаш ва лақиллатиш куни муносабати билан танлов эълон қиламан»
  • «1 апрель куни дунёнинг бир қатор мамлакатларида Кулги куни, Ҳазил куни, Алдаш куни нишонланади. Шу куни яқин дўстлар бир-бири билан ҳазиллашадилар».
  • «1 апрель куни бир марта бўлса ҳам жилмайиб қўймайдиган одам топилмаса керак. Биринчи апрель бир-бирига ҳадди сиғадиган, қалби пок инсонларнинг байрами»
  • «1 апрель – аҳмоқлар куни».

  Мазкур иқтибослардан кўриниб турибдики, бу куннинг қандайдир ном билан аталиши ёки байрам қилинишида ҳеч қандай хайрият йўқ. Чунки бу кунда шариатимизда ман этилган бир қанча маънавий ва моддий жиноятлар содир этилади, аммо мазкур жиноятлар ҳазил, кулги ниқоби остида амалга оширилади. Шунинг учун ҳам мазкур жиноятларни содир этаётганлар ҳам, бундан жабр кўраётганлар ҳам гўёки бир-биридан хафа бўлмайди.

Лекин инсон гуноҳкор бўлиши учун бировни хафа қилиши шарт эмас, балки шариат гуноҳ деб баҳолаган ишни қилишнинг ўзи кифоя қилади. Келинг, мазкур қўштирноқ ичидаги «байрам» кунида қандай гуноҳлар содир этилишини ўрганиб чиқайлик.

1. Аввало, бу «байрам»нинг номиданоқ кўриниб турибдики, 1 апрель – алдаш куни. Алдаш – ёлғончилик, каззоблик, фирибгарлик деган маъноларни ўз ичига олади. Ёлғон эса шариатимизда қатъий ҳаром қилинган. Унинг ҳаром экани оятларда, ҳадиси шарифларда ўз ифодасини топган.

إِنَّمَا يَفۡتَرِي ٱلۡكَذِبَ ٱلَّذِينَ لَا يُؤۡمِنُونَ بِ‍َٔايَٰتِ ٱللَّهِۖ وَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡكَٰذِبُونَ ١٠٥

«Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар – ёлғончилардир» (Наҳл сураси, 105-оят).

Аллоҳнинг оятларига иймон келтирадиганлар мўмин-мусулмонлардир. Улар ҳеч қачон ёлғон гапирмайдилар. Ёлғон тўқиш эса Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларнинг энг ёрқин аломатларидан биридир.

عَنْ صَفْوَانَ بْنِ سُلَيْمٍ، أَنَّهُ قَالَ : قِيلَ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ جَبَاناً ؟ فَقَالَ :" نَعَمْ". فَقِيلَ لَهُ : أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ بَخِيلاً ؟ فَقَالَ: " نَعَمْ". فَقِيلَ لَهُ : أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ كَذَّاباً ؟ فَقَالَ : "لاَ". رَوَاهُ مَالِكٌ

 Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Мўмин одам қўрқоқ бўлиши мумкинми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедилар. «Мўмин одам бахил бўлиши мумкинми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедилар. «Мўмин одам ёлғончи бўлиши мумкинми?» деб сўрашган эди, «Йўқ!» дедилар».

Имом Молик ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шариф юқоридаги ояти кариманинг маъноларини янада таъкидлаб, қувватлаб келяпти. Мазкур маъно янада тушунарли бўлиши учун бу ҳадис савол-жавоб тариқасида ворид бўлган. Демак, мўминда ҳам баъзи иллатлар бўлиши мумкин экан, лекин иллатларнинг энг ёмони бўлмиш ёлғончилик ҳеч қачон мўминда бўлмаслиги керак. Акс ҳолда унинг иймонига футур етади. «1 апрел»чилар эса ўзининг нодонлиги, жоҳиллиги оқибатида иймонидан айрилаётганини оммавий байрам сифатида нишонлайдилар.

2. Биринчи апрель ҳазили деб, бир кишини алдаш оқибатида унинг қони, мол-мулкига тажовуз қилинади, обрўси поймол қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Видолашув ҳажида шундай деганлар:

فَإِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ بَيْنَكُمْ حَرَامٌ

 «Сизларнинг қонингиз, молингиз ва обрўингиз бир-бирингизга ҳаромдир!

Имом Бухорий ривоят қилган.

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَأۡكُلُوٓاْ أَمۡوَٰلَكُم بَيۡنَكُم بِٱلۡبَٰطِلِ .. ٢٩

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар» (Нисо сураси, 29-оят).

3. Мазкур алдов бирор шахснинг бирор иллатини айблаш маъносида бўлса ва ўша иллат унда ҳақиқатдан ҳам бор бўлса, бу иш ғийбат бўлади. Агар ўша иллат унда бўлмаса, туҳмат ёки бўҳтон бўлади. Буларнинг ҳар иккаласи ҳам шариатимизда ҳаромдир.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا الْغِيبَةُ ؟ قَالَ: « ذِكْرُكَ أَخَاكَ بِمَا يَكْرَهُ ». َ قِيلَ أَفَرَأَيْتَ إِنْ كَانَ فِي أَخِي مَا أَقُولُ؟ قَالَ: « فَإِنْ كَانَ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدِ اغْتَبْتَهُ وَإِنْ لَمْ يَكُنْ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدْ بَهَتَّهُ » رواه ابو داود.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. У зот: «Биродарингни унинг ўзига ёқмаган нарса билан зикр қилишинг», дедилар. Шунда: «Мен айтган нарса биродаримда бор бўлса-чи?» дейишди. У зот: «Агар айтган нарсанг унда бор бўлса, ғийбат қилган бўласан. Айтган нарсанг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», дедилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган.

4. Мазкур алдовга мазах, истеҳзо ҳам аралашади. Буларнинг ҳар иккаласи шариатда ман этилган.

عَنْ أَبِي لَيْلَى الْأَنْصَارِيِّ, قَالَ: خَرَجَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي بَعْضِ غَزَوَاتِهِ فَأَخَذَ بَعْضُ أَصْحَابِهِ كِنَانَةَ رَجُلٍ, فَغَيَّبُوهَا لِيَمْزَحُوا مَعَهُ, فَطَلَبَهَا الرَّجُلُ, فَفَقَدَهَا, فَرَاعَهُ ذَلِكَ, فَجَعَلُوا يَضْحَكُونَ مِنْهُ, فَخَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: مَا أَضْحَكَكُمْ ؟ قَالُوا: لَا، وَاللهِ إلَّا أَنَّا أَخَذْنَا كِنَانَةَ فُلَانٍ لِنَمْزَحَ مَعَهُ فَرَاعَهُ ذَلِكَ, فَذَلِكَ الَّذِي أَضْحَكَنَا فَقَالَ: " لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يُرَوِّعَ مُسْلِمًا "

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар. «Ҳазиллашиб, Фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар».

Умар ибн Абдулазиз: «Мазахдан сақланинглар. У кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир», деган.

Ҳакимлардан бири шундай дейди: «Мазах аслида сўкиш, аммо эгасини кулдиради, холос».

Иброҳим Нахаъий: «Мазах – тентаклик ва кибрдир», деган.

«Мунсурул ҳикам»да: «Олов ўтинни еганидек, мазах ҳам ҳайбатни ейди», дейилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, устига асал суртилган заҳарга ўхшаш бу «байрам»да тилга тегишли бўлган барча жиноятлар содир этилади ва бу оддий ҳол деб қабул қилинади. Юқорида уларнинг ҳаммасини бирма-бир келтирмадик, ақл эгаларига эслатма ва огоҳлантириш бўлсин дея бир неча мисоллар келтирдик, холос.

Кимлардир мазкур фикрларга қарши бўлиши ҳам мумкин. Халқимизда «Тарки одат амри маҳол» деган нақл бор. Кимлардир кундалик ҳаётини мазкур иллатларсиз тасаввур қила олмайдиган даражага бориб қолган бўлса, унинг учун бу оддий ҳолатдир. Бундайларга мақсадимиз янада тушунарлироқ бўлиши учун 1 апрель кунида бўладиган баъзи бир ҳазиллардан мисол келтирамиз.

Бир неча улфатлар чойхонага тўпланиб, тўкин дастурхон атрофида маишат қилишибди. Зиёфат охирига етиб, ҳамма уй-уйига кетиш учун чойхонадан чиқиб, уловининг олдига келибди. Улардан бири не кўз билан кўрсинки, улови қўйган жойида йўқ экан. Унинг хурсандчилигидан асар ҳам қолмабди. Ранглари оқариб, тили калимага келмай қолибди. Нима қилишини билмай турса, жонажон улфатлари унга ҳамдарддек атрофида тизилишиб тураверишибди. Ҳамма ҳайрон. Жабрдийда одамнинг асаблари бузилиб, мазаси қочиб қолибди. Вазият борган сари чигаллаша бошлабди. Бирор жиддий фожиа бўлиб қолишидан қўрққан улфатлар шундагина дўстини хотиржамликка чақириб, уловини нариги маҳалладаги бир кўчага яшириб қўйганини айтиб, «Бу 1 апрель ҳазили эди» деб, унинг устидан мириқиб кулишибди.

Бошқа бири эса уловига миниб, ўт олдиргач, рулни ушласа, не кўз билан кўрсинки, рулга каттагина олачипор илон ўраб қўйилган экан. Бечора қўрққанидан юраги ёрилиб ўлишига бир баҳя қолибди. Улфатлар эса уни ҳам масхара қилиб, роса кулишибди.

Бошқа бир улфатлар янада бошқачароқ ҳазил ўйлаб топишибди. Улфатлардан бирининг аёлига телефон қилиб, унинг эри жазмани билан фалон жойда кайф-сафо қилаётгани тўғрисида ёлғондан хабар берди. Рашк ўтида куйган аёлнинг кўзига ҳеч нарса кўринмай, айтилган манзилга бир аҳволда етиб келибди. У ердаги манзара қандай бўлганини тасаввур қилаверинг.

Улфатларнинг ичида уч-тўртта дўкони бор тижоратчи ҳам бор экан. У оиласи билан кечки овқатни еб, хотиржам ўтирган пайтда тўсатдан телефони жиринглаб қолади. Улфатларидан бири ташвишли оҳангда унга ўта совуқ хабар етказади: «Дўконингни текширув босди! Мол-мулкингни мусодара қилишяпти! Сен нима қилиб ўтирибсан, тезлик билан етиб келиб, ишни жойида «ёпди-ёпди» қилмасанг, ишинг газак олар экан!». У бечора эса оғзидаги таомини ютиш-ютмасликни ҳам билмай, оёқ кийимини ҳам кияр-киймас, машинага ўтириб дўкони томонга елдек учиб кетади. Бундай ҳолатларда йўлнинг ўзидаёқ бирор фожиа бўлмайди деб ким кафолат бера олади? Ёки улфатлар ичида шунга ўхшаш ҳазиллар бўлмайди деб ким айта олади?

Азизлар! Айтинг-чи, шунча иллатларни ўзида мужассам этган «байрам»ни яхши кайфият билан нишонлаш мумкинми?

Бу кунни алоҳида кутиб олиб, нишонлаётганлар ва ундаги ярамас қилиқларни бошқаларга ҳам тарқатаётганлар, уларга кўр-кўрона тақлид қилиб, эргашаётганларни ким дейиш мумкин?

Тўғри, йил-ўн икки ой ичида қанчадан-қанча байрамлар бор. Касбий байрам бўлмиш Устоз ва мураббийлар куни, Ватан ҳимоячилари куни, Тиббиёт ходимлари куни ва ҳоказо байрамлар борки, буларни нишонлаш, ўша кунни байрам қилаётган соҳа мутахассисларини табриклаш, турли ҳадя ва мукофотлар билан тақдирлаш манфаатли ва гўзал тадбирлардан ҳисобланади. Энди тасаввур қилинг, дунё шундоқ ҳам ёлғон, алдов, фириб, ғийбат, туҳмат, бўҳтон, мазах, фаҳшга тўлиб ётган бўлса-ю, яна алоҳида бир кунни «алдов куни» деб нишонланса...

Аслида бирор кунни «Умуман ёлғон ишлатилмайдиган кун» деб нишонласа тўғри бўлмасмиди? Ўзи шундоқ ҳам ҳеч бир кунимиз ёлғонсиз ўтмайдиган бўлиб қолди-ку!

Яна бир таклиф: 1 апрелни алдов ва ҳазил куни деб нишонлагандан кўра «Гиёҳвандликка қарши кураш куни» ёки «ОИТСга қарши кураш куни» сингари «Ёлғонга қарши кураш куни» деб эълон қилсак бўлмайдими?

 Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
 «Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби