Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 29 март куни Францияга расмий ташрифи доирасида Париж шаҳрида MEDEF International бош директори Филипп Готе билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар берди.

MEDEF International ҳозирги кунда 750 мингдан зиёд француз компания ва фирмаларини бирлаштириб турган француз корхоналари ҳаракати MEDEF’нинг халқаро бўлинмаси ҳисобланади.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳаларда Ўзбекистон—Франция ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш истиқболлари борасида фикр алмашилди.

Музокаралар давомида Франция тадбиркорларининг Ўзбекистондаги шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришига, жумладан, Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган кенг миқёсли 2017—2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ўзаро манфаатли асосда иштирок этишига қизиқиш билдирилди.

Шу мазмунда учрашувда MEDEF International етакчилигида Франция бизнес доиралари нуфузли делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳрида қўшма бизнес-форум ўтказиш масалаларининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.