АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси Туркиядаги тўнтаришга уриниш ташкилотчиларидан бири Одил Ўксузнинг телефонига Қўшма Штатларнинг Истанбулдаги бош консуллигидан қилинган қўнғироқ ҳақида изоҳ берди. Бу ҳолат исён рўй берганидан бир неча кун ўтиб рўй берган бўлиб, унга визаси бекор қилингани ҳақида хабар беришмоқчи бўлишган экан.

Аввалроқ Туркия ОАВ Анқара прокуратурасидаги манбага асосан Америка дипломатик миссияси номига расмийлаштирилган телефон рақамидан Ўксузга 21 июль куни қўнғироқ бўлгани ҳақида хабар берганди. Бу ҳолат прокуратура томонидан тайёрланган айблов хулосасида ўз аксини топди, у яқин вақт ичида судга юборилади.

"АҚШнинг Истанбулдаги бош консуллигидан Одил Ўксузга тегишли бўлган телефон рақамига қўнғироқ 2016 йилнинг 21 июль куни амалга оширилган. Ўша куниёқ Туркия хавфсизлик бошқармаси миссиямизга унинг Туркиядан чиқиб кетишига йўл қўймаслик ҳақида илтимос билан мурожаат қилди. Биз унинг визасини бекор қилдик ҳамда АҚШ қонунига кўра, у билан боғланиб, бу ҳақда хабар беришга ҳаракат қилиб кўрдик", - дейилади Америка дипломатик миссияси сайтида жойлаштирилган баёнотда.

АҚШ элчихонасининг таъкидлашича, бу ҳолат икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг исботи саналади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Anadolu агентлиги Анқара прокуратурасига асосан Туркиядаги тўнтаришга уринишнинг икки нафар координатори Камол Батмаз ва Одил Ўксуз 2016 йилда АҚШга тўрт бора боришгани, сўнгги бора бундай ҳолат 11-13 июль кунлари юз берганини хабар берганди. Сакария университети собиқ ходими Ўксуз тўнтаришга уринишдан кейин дарҳол қўлга олинди, бироқ кейинчалик қўйиб юборилди ҳамда айни пайтда қидирувда ҳисобланади.