АҚШ Конгресси сенати сешанба кунги йиғилиш вақтида Черногориянинг НАТОга кириши ҳақидаги баённомани ратификация қилди. Бунинг учун палатанинг 97 нафар аъзоси овоз берган.

“1949 йилги Шимолий Атлантика келишувига Черногорияни қабул қилиш ҳақидаги баённома ратификацияси ҳақидаги резолюция маъқулланди", - дея айтиб ўтди йиғилишда раислик қилган республикачdи-сенатор Рон Жонсон.

Черногория альянснинг 2009 йил декабрь ойидаги йиғилишида блокка аъзолик учун ҳаракатлар режасини қабул қилиб олганди. 2010 йилда музокаралар бошланди, 2016 йилнинг майида улар ташкилотга кириш ҳақидаги баённома имзоланиши билан ўз якунига етди. Шундан сўнг республика кузатувчи мақомини олди. 

Ушбу баённома альянснинг барча давлатлари ҳамда Черногория томонидан ратификация қилингач, давлат НАТОнинг 29 аъзосига айланади. Ҳозирча баённома ташкилотнинг 24 мамлакати томонидан ратификация қилинган.

Ратификацияга икки нафар республикачи-сенатор фаол равишда қаршилик кўрсатди - Рэнд Пол ва Майкл Ли. Пол ҳаттоки баённома ратификацияси бўйича овоз беришни енгиллаштирилган тартибда ўтказишни тўсиб қўйди. "Агарда Украина ва Грузия НАТО аъзолари бўлганда, биз ҳозирда Россия билан жаҳон урушида иштирок этаётган бўлардик", - дея таъкидлаб ўтди Пол.

Маълумот учун, Собиқ Иттифоқ парчаланиб кетганидан сўнг НАТО аъзосига 12 давлат айланди: 1999 йилда - Венгрия, Польша ҳамда Чехия, 2004 йили - Болгария, Латвия, Литва, Руминия, Словакия, Словения ва Эстония, 2009 йилда - Албания ва Хорватия. Айни дамда Шимолий Атлантика келишуви ташкилоти 28 давлатни ўз ичига қамраб олади ҳамда очик эшиклар сиёсати давом эттирилмоқда. Македония НАТОга аъзо бўлишга номзод сифатида кўрилмоқда, бундан ташқари, 2008 йилги НАТОнинг Бухарестдаги йиғилишида блокка Грузия ва Украинани қўшиш ҳақидаги дастурни бошлаш ҳақида қарор қабул қилинди.