Яман президенти Абд Раббо Мансур Ҳодий Эронни Яқин Шарқ минтақасида террорчиликни очиқчасига қўллаб-қувватлашда айблади. Унинг айтишича, Теҳрон "минтақада ҳаракат қилувчи террорчилик гуруҳларига кўмак беради".

"Ҳусийлар отрядлари Эрон кўмагида Ямандаги мавжуд вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқдалар, бунга эса Яман ҳукумати асло йўл қўймайди", деб айтди Ҳодий Иорданияда ўтаётган Араб давлатлари лигаси саммитидаги учрашувда. Унинг айтишича, ҳусийларнинг "Ансоруллоҳ" ҳаракати тарафдорлари Яман жамиятидаги ижтимоий тузумни тўлиқ барбод қилган, иқтисодиёт ва давлатчиликнинг вайрон бўлишига сабаб бўлган. Ҳодийнинг айтишича, Яманда тинчлик ҳақида гапириш учун ҳусийлар "қуролни ташлаб, эгаллаб олган шаҳарларидан чиқиб кетиши ва сиёсий партияга айланиши" керак. 

Араб давлатлари лигасининг жорий 28-саммити Иордания қироллиги пойтахти Аммандан 50 км узоқликда, Ўлик денгиз соҳилида ўтмоқда ва охирги йиллардаги энг йирик саммит бўлмоқда, унда 18 араб етакчиси қатнашмоқда. Фаластин масаласи, инқироз гирдобида қолган Сурия, Ливия ва Ямандаги вазият, террорчиликка қарши кураш, Яқин Шарқдаги қочқинлар муаммоси ҳамда "Эрон аралашувига" қарши туриш саммитда муҳокама қилинадиган асосий мавзулар бўлади.