Риодаги Олимпия ўйинларида АҚШга бронза медаль келтирган қиличбоз Ибтиҳож Муҳаммад ўз мамлакатидаги терроризм тарғиботидан хавотирда эканлигини билдирди. 

"Мен бугунги кунда АҚШда эркинлик ва адолат идеаллари учун кураш ниқоби остида кетаётган терроризм тарғиботидан хавотирдаман", - деб ёзди Муҳаммад АҚШ президенти Дональд Трампга йўлланган ва Time журналида чоп этилган очиқ хатида. 

Олимпия ўйинларида ҳижобда иштирок этган биринчи америкалик мусулмон аёли ҳисобланган Ибтиҳож Муҳаммад терроризм билан кураш масаласининг миграция мавзусига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади. 

Спортчи ҳозирда мамлакатда шаклланаётган муҳит Америка демократиясига хос бўлган "адолат" ва "тенглик" концепцияларига зиён етказишига ишора қилди. 

"Мен Олимпия ўйинларида АҚШ номидан иштирок этганимдан фахрланаман ва Трампга мусулмонлар йўлидаги ғовларни бартараф этишни сўраб мурожаат этаман", - деди у.