Мексикалик сураткаш Феликс Эрнандес Audi Q2 рекламасининг съёмка жараёнидан лавҳалар тақдим этди. Унда автомобилнинг митти моделларидан фойдаланилган. Audi'нинг расмий сайтида шу ҳақида маълум қилинди. 

Эрнандес лойиҳа учун уч саҳна ишлаб чиқди: саҳро, шаҳар кўчаси ва БААдаги Дубай канали орқали кўприкка олиб чиқувчи йўл.

Сураткаш ўзининг Канкундаги студиясида цемент ва сув ёрдамида ҳақиқатга жуда яқин қум уюмларини яратди. Бундан ташқари, бошқа бир эпизод учун фон танлаш мақсадида Дубайга бориб келишига тўғри келди. 

"Фантазиянинг поёни бўлмайди, чекловлар бизнинг ичимизда. Ўйлашимча, манзарали суратларнинг 70 фоизи - керакли вақтда керакли жойда бўлиш. Албатта, бу жой ва вақтни топиш учун ҳаракат талаб қилинади", - дейди сураткаш Феликс Эрнандес.

2016 йилнинг октябрида Эрнандес Audi R8 автомобили суратлар сериясини тақдим этган, унда ҳам автомобилларнинг ўйинчоқ версиялари қўлланган.