Буюк Британия Европа иттифоқидан чиққанидан сўнг НАТО олдидаги барча мажбуриятларини бажаришда давом этади, улар орасида коллектив хавфсизлик билан боғлиқ масалалар ҳам бор. Бу ҳақда Британия бош вазири Тереза Мэй маълум қилди.

"Биз мажбуриятларимизни бажаришда давом этамиз. Бизнинг НАТО доирасида хавфсизликни таъминлашда иштирок этиш бўйича қатъиятимиз жуда юқори, мудофаага ЯИМнинг 2 фоизлик даражаси миқдорида харажатга риоя этамиз,...НАТОнинг Латвия ва Эстониядаги амалиётларида ҳам қатнашамиз. Биз коллектив хавфсизликни таъминлаш борасидаги мажбуриятларимизни ҳам бажарамиз", - дея маълум қилди Мэй парламентда чоршанба куни чиқиш қилиб.

Аввалроқ Европа иттифоқи кенгаши раҳбари Дональд Туск Brexit жараёни бошлангани ҳақидаги огоҳлантирувчи мактубни қабул қилиб олгани ҳақида хабар бергандик.