Буюк Британия Европа Иттифоқини тарк этгандан кейин Европа атом энергияси ҳамжамиятидаги (Евратом) аъзолигини тўхтатади, деб айтилди Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг Европа кенгаши раҳбари  Дональд Тускга мактубида. Мактубда Мэй Тускни Бирлашган Қиролликнинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши жараёни бошланишидан хабардор қилган.

Британиянинг ЕИдаги доимий вакили Тим Барроу 29 март куни Тускга ушбу мактубни топширган.

Лиссабон келишувининг 50-моддасида баён қилинган қоидаларга кўра, Европа Иттифоқини тарк этмоқчи бўлган давлат ЕИни бу ҳақдаги расмий огоҳлантиришни юборгандан кейин 2 йилдан кейин тарк этиши керак. Шу тариқа Буюк Британия ЕИни 2019 йил 29 мартда тарк этиши керак.

Евратом ЕИга аъзо давлатлар томондан ядро энергетикасидан тинчлик йўлида фойдаланишни ривожлантириш, умумий энергетик сиёсатни шакллантириш, энергия ташувчилар нархини пасайтириш, атом энергетикасини назорат қилишни таъминлашда кўмак беради.