Domino’s Pizza компанияси Starship Technologies билан ёзги мавсумда роботлар ёрдамида пицца ташишни бошлашга келишиб олди. Ҳозирча келишув фақат Германиянинг Гамбург ресторанларига тааллуқли, бироқ агар ғояга талаб пайдо бўлса, курьер-машиналар Нидерландия ва Европанинг бошқа шаҳарларида ҳам хизматга жалб этилади. Бу ҳақида TechCrunch хабар берди. 

Starship Technologies'нинг роверсларга ўхшаш олти ғилдиракли роботларининг вазни - 18 килограмм, уларнинг тезлиги - соатига 6 километр, роботлар тахминан 1,5 километр радиусда фаолият кўрсатади. 

Робот автоном режимда ишлайди ва 18 килограммгача бўлган юкни таший олади. Бир неча машина бир оператор томонидан бошқарилади, бироқ робот йўлдан мустақил равишда ўтиши, тўсиқларни четлаб ўтиши ва йўлда GPS ёрдамида мўлжал олиши мумкин. Ҳозирча машиналар зинадан ёки эскалаторлардан кўтарила олишмайди. 

Харидорлар роботнинг ҳаракатланишини смартфондаги илова орқали кузатишлари мумкин. Буюртма эгасига етказилганидан кейин робот ўз батареясини зарядлаш учун мустақил равишда базага қайтади. 

Starship Technologies компаниясига 2015 йилда Skype'нинг икки ҳаммуассиси томонидан асос солинган. Улар роботларни яратишда бошқа ишлаб чиқарувчилар, жумладан Boston Dynamics билан рақобатлашмоқчи. Ҳар бир машина бир неча минг доллар туради, шу боис Domino’s Pizza компания билан пицца етказиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. 

Бундан ташқари, Domino’s Pizza Янги Зеландияда учувчисиз қурилмалар ёрдамида пицца етказиш режалари ҳақида маълум қилди.