Ҳиндистон жанубидаги Кайга қишлоғи аҳолиси ёввойи кобрага бутилкадан сув ичирди. Бу ҳақда Daily Mail хабар ёзган.

Айни вақтда ушбу ҳудудда кучли қурғоқчилик кузатилмоқда. Узунлиги 3,5 метр бўлган илон одамлар орасига сув излаб ўрмалаб келган. 

Унга сув берган кишилар ҳар эҳтимолга қарши ҳимоя чораларини кўришган. Аммо кобра ҳеч кимга ташланмаган ва хотиржамлик билан сув ичган. Уни кейинроқ ёввойи жониворларни ҳимоя қилиш марказига жўнатишган.

Қироллик кобраси ёки гамадриад — заҳарли илонларнинг энг йириги ҳисобланади. Бу турдаги судралувчилар Ҳиндистон, Покистон, Индонезия ва Филиппин ўрмонларида яшайди. У 30 йил атрофида умр кўради.

Ҳиндистонда қироллик кобраси заҳридан ўлим топиш ҳолатлари кўп учрамайди. Ҳолбуки бу мамлакатда ҳар йили бошқа турдаги илонлар 50 минг кишининг ҳаётига зомин бўлади.