2017 йил 20 март куни Intel компанияси PCI Express форматидаги 375 Гблик DC P4800X сервер хотирасини тақдим этган эди. Энди ишлаб чиқарувчи ўзининг янги маҳсулоти — шахсий компьютер учун кэш-хотира Optane билан мижозларини хурсанд қилмоқда. 

Intel 16 ва 32 Гблик хотира модулларини намойиш этди. Улар маълумотларни кэшлашда қўлланилгани боис, тизимнинг ишлашини тезлаштиради. Бу тўплагичлар фақатгина 7-авлод Intel процессорлари билан ишлайди. Optane Memory кэш хотиралари бир кунда 100 Гб ахборот ёзишга мўлжалланган. 

Ишлаб чиқарувчиларнинг фахр билан айтишларича, 7-авлод Intel Core Kaby Lake  процессорлари негизида ишловчи тизимга ўрнатилган Intel Optane дастурлар юкланиш тезлигини 2 карра оширади, шахсий компьютернинг умумий самарадорлигини 28 фоизга кучайтириш имконини беради. Microsoft Outlook дастури деярли 6 марта, Chrome браузери 5 марта, ўйинлар 67 фоиз тезроқ ишга тушади. 

Бундай хотиранинг 16 Гблиги 44 доллар, 32 Гблиги 77 доллар туради. 

Intel Optane 24 апрелдан сотувда пайдо бўлади. Бундан ташқари, шу йилнинг иккинчи чорагидан шахсий компьютер ишлаб чиқарувчилар (HP, Dell, Lenovo, Asus, Acer ва бошқалар) Intel Optane хотиралари билан жиҳозланган маҳсулотларини савдо пештахталарига етказиб беришни бошлайди.