Saudishift портали ихтиёрида янгиланган Mercedes-Benz S-Class моделининг жосуслик суратлари пайдо бўлди. Унинг экстерьери ва салони сезиларли косметик ўзгаришларга учраган. Янги автомобиль тақдимоти апрель ойида Шанхай автокўргазмасида ёки Нью Йорк автошоусида бўлиши кутилмоқда. 

Суратларда ҳеч қандай ниқобсиз машина акс этган. Унга кўра, S-Class ташқи томондан янги ёритқич чироқ ва хромланган тўсиқлар билан фарқланади. 

Седан салонидаги асосий ўзгариш рул чамбараги билан боғлиқ. Унга S-Сlass купе услубидаги рул ўрнатилади. Бундан ташқари, рақамли ускуналар панели ҳамда мультимедиа тўпламининг дисплейини ҳам қайд этиш мумкин. Тахминларга кўра, мультимедиа тизимини ишоралар билан бошқариш мумкин бўлади. 

Суратларда акс этган машинага S560 тимсоли ҳам ўрнатилган. Saudishift порталига кўра, бу модификация S550 моделининг ўрнини эгаллайди. Унга 4 литр, икки турбинали V8 мотор ўрнатилади. Янги двигатель кучи 450 от кучига тенг бўлади. Бунда, унинг ёқилғи сарфи 10 фоизга қисқаради. 

Янгиланган S-Class моделига, шунингдек, бир қаторли олти цилиндрли мотор ҳам ўрнатилиши мумкин. У 2017 йил охиридан сотувга чиқарилиши эҳтимол.