Ўзбекистон миллий терма жамоасида бугунги кунда юзага келган вазият такрор ва такрор қалам тебратишга ундамоқда. Tribuna.uz сайтида таниқли журналист Шуҳрат Шокиржонов муаллифлигидаги навбатдаги мақолада терма жамоада кардинал ўзгаришлар амалга оширишга чақирилган.

Жаҳон чемпионати саралашида Қатарга қарши ўтган ўта қийин учрашувда ғалаба қозонишни эпладик. Гарчи, Сурияга қарши турган таркибдан Тошкентдагиси кескин фарқ қилса-да ўйин сифати ўша-ўшалигича қолганига барча гувоҳ бўлмоқда. Бу ғалаба аламли мағлубиятдан сўнг ачишаётган юракларга малҳам бўла оладими? Арзийдими шунга?

Қуйидаги постда шулар ҳақида мушоҳада юритилади.

Ўйин борасида чуқурроқ тўхталиб ҳам ўтирмоқчи эмасман, зеро, арзимайди: Қатарга қарши ўтган ўйиннинг тактик схемаси ўша-ўша — футболчиларимиз рақиблар карра-карра жадвалидек ёдлаб олган позицияларда ҳаракат қилишди, буни барчангиз кўрдингиз. Фақатгина хавфли стандарт вазиятдан урилган голгина жонимизга ора кирди.

Ҳозирга келиб, аниқ-равшан бўлиб қолаётган нарса шуки, Малайзияда бўлган учрашувда ҳеч қанақасига Сурияга мағлуб бўлишга ҳаққимиз йўқ эди. Қаранг, Сурия билан орамиздаги фарқ 4 очкони ташкил этмоқда. Бекорга энг яқин таъқибчи билан бўладиган ўйинни 6 очколик ўйин, дейишмайди. Мана, яққол мисол! Агар ўша ўйинда ғалаба қозонишни эплай олганимизда орадаги фарқи 10 очкони ташкил этар ва бугунги кунда Сурия биздан амалда етиб ололмайдиган даражада ортда қолган бўларди. Бугун Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧга тўғридан-тўғри чиқиш учун яхшироқ имкониятларга эга бўлиб, энг камида плей-офф учрашувларини нақд қилиб турган бўлар эди.

Буларнинг барчасига ким айбдор? Мелакдаги стадионнинг ёмон аҳволдаги чими эмас, ҳар қалай?

Бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бабаян терма жамоа рулига келгач, терма жамоа манфаати деб, журналистларни, клубларни йиғиб мажлислар ўтказди, айтиш лозим бўлса ЖЧга чиқиш учун, керак бўлса - унга халақит бермасликлари учун, ҳамманинг олдига ўз талабларини қўйди. Ҳаттоки олимпия терма жамоасига ҳам ўзи раҳбарлик қилиб, Рио олимпиадасига чиқишга уриниб кўрди. Нима билан тугаганини кўрдик. 

Аммо бугунги кунда кўриб турибмизки, бугун футболимизда умумий таназзул. Ёшларимиз, ўсимирларимиз мунтазам қатнашиб келаётган Жаҳон чемпионатларидан мосуво, клубларимизда ҳам шу аҳвол. Халқаро майдонда тажриба оширмаётгани важи билан ёш футболчиларимизнинг миллий терма жамоа таркибига жалб қилинишини мутлақо кўраётганимиз йўқ. Терма жамоамиз эса саралашда қатнашаётган 12 терма жамоаси ичида энг қария терма жамоа. Ҳалигача Қатар-2011 қаҳрамонлари терма жамоамиз асосини ташкил этишмоқда. Максим Шацкихни чақириш қолган, холос.

Миллий терма жамоанинг ўйинларига чипталарни номиналидан 10 баробарга харид қилиб бўлса ҳам кириб келган мухлислар оқими эса тобора сустлашмоқда! Миллий терма жамоа ўйинига! Ватаннинг биринчи рақамли жамоаси ўйинига, эътибор беринг!

Айтайлик, сиз футбол биринчи рақамли спорт тури бўлган бирор давлатда шундай аҳволни кўрганмисиз?

Вазият шу даражага етдики, Бабаяндан кейин келадиган мураббийга умуман осон бўлмайди. Терма жамоа сиқиб суви олинган, бужмайган анордек унинг қўлига топширилади. Терма жамоада авлодлар алмашинуви ларзаларсиз, секин-секин таркибга сингиб бориш билан эмас, шок терапияси ҳолатида кескин алмаштириладиган аҳволга келинди. Бунинг натижасини тасаввур қилиш қийин эмас: Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиёнинг 4-5-ўринларида юрадиган грандлари сафидан 10-12-ўринга тушиб кетиши муқаррар. ФИФА рейтинги ҳам буни яққол исботлаб турибди. Бунақа темпда ён қўшниларимиз Тожикистон ва Қирғизистон даражасига тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Кейин эса 48та жамоа иштирок этадиган ЖЧ-2026 йилда Осиёнинг тўққизинчи йўлланмаси учун курашаётган бўламиз. Қалай?

Бизни энди меҳмонда ўта қийин икки учрашув кутмоқда.

Уларнинг дастлабкиси Эронда бўлади ва агар бу ўйинда мағлубиятга учрасак, Эрон терма жамоасига Россия-2018 йўлланмасини муддатидан олдин тақдим этиб келамиз. Эроннинг кейинги ўйинлари эса айнан бизнинг тўғридан-тўғри рақибларимиз билан - улар Кореяга боришади ва Сурияни қабул қилишади. ЖЧ йўлланмаси қўлга киритиб бўлингач, Эрон иккинчи синов таркибини тушириб, ушбу ўйинларда мағлубиятга ҳам учраши мумкинлигини ҳисобга олсак, Самвел Бабаян Малайзияда кечириб бўлмас хатога йўл қўйгани ойдинлашади.

Қатар билан ўйиндан олдин Бабаян мухлисларнинг қўллови керак, деди. Ўйиндан кейин мухлисларга ташаккур ҳам айтди, раҳмат, бунинг учун. Лекин кейинги ўйинларда — Эрон ва Хитойда уларни ҳеч ким қўллай олмайди, ахир! Теҳронда 100 минг, Вуханда 55 минг мухлис "ейман" деб турибди...

Эсингизда бўлса, Эрон тўрт йил муқаддам Теҳронда биз улар устидан ғалаба қозонганимиздан сўнг ЖЧ-2014 саралашида шунақа аҳволга тушган ва ЖЧга тўғридан-тўғри йўл олиши учун қолган уч учрашувда ғалаба қозонишга маҳкум этилган эди. Эрон қолган уч ўйиннинг барчасида шараф билан ғалаба қозониб, Бразилия майдонларига йўл олган эди.

Бизнинг футболчи ва мураббийларда Эрон натижасини такрорлаш учун ғурур, ҳамият борми?

Ишонмайман! Чунки, мураббийга яқин ишловчилар, терма жамоалар маркази ходимлари ҳам ижтимоий тармоқларда бизнинг Осиё ўрнимиз шу, бормиз, шу бўлганимиз шу, дея Саралаш гуруҳ босқичида 3-ўринга лойиқ эканлигимизни писанда қилишмоқда. Футболимиз ичида юрган одамлар ишонмагач, мухлислар нима қилишсин?! Инсон ўз имкониятлари даражасидан бир калла юқори сакрай олишни ҳам билиши керак. Имкониятга чегара қўйилган жойда ўсиш бўлмайди, таназзул бўлади. Буни англаб етиш учун қалин китобларни ўқиш шарт эмас. Мутахассисларки, гуруҳда жойимиз аниқ 3-ўрин, деб турган эканки, демак биз шу ўринга ҳам лойиқ эмасмиз.

Интернет-сайтларда "Миллион" қизиқчилар жамоаси раҳбари Даврон Кабулов "яшаб турган хонадонимни ўртага қўйиб, Ўзбекистонни ЖЧга олиб чиқаман", деган ҳазиломуз гапни айтди. Буни кимдир истеҳзо, кимдир жиддий қабул қилди.

Маълумки, банкдан кредит оладиган бўлсангиз, албатта бирор нарсангизни гаровга қўясиз. Хўш, Бабаян мухлислар ва мутасаддиларнинг ишонч кредити учун нимани гаровга қўймоқда? 

Эсингизда бўлса ЖЧ-2002 га Хитой терма жамоасини олиб чиққан Бора Милитунович "Агар Хитойни ЖЧга олиб чиқа олмасам ўзимни Буюк Хитой девори устидан ташлайман", деган энди. Юрагида ўти бор, ўзига ишонган мутахассиснинггина бундай гапларни айтишга юраги дов беради.

Бабаян-чи? Эронни юта оладими у? Ёки гаров унинг одатдагидек олди-қочди ва қуруқ гапларими? Қуруқ қошиқ — оғиз йиртар, унутмайлик.

Қаранг, 4 йил олдин ҳам шу гапни ёзган эдим (фақат фамилия бошқа эди), яна қайтаришга мажбурман, одатдагидек...

Мабодо футболимиз тепасида турган мутасаддиларга футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Россияда 2018 йилда ўтадиган Жаҳон чемпионатига чиқиши қизиқ ва муҳим бўлса, зудлик билан терма жамоани Эрон, Хитой ва Жанубий Корея билан бўладиган ўйинларга ғалаба учун олиб туша оладиган хорижий топ-мутахассис терма жамоа рулига зудлик билан жалб қилиниши керакдек. Зеро, 13 июнгача ҳали вақт бор. Ҳаммасини ўнглаш мумкин аслида. Лекин бундай бўлишига ишонч кам. Чунки кечаги ўйиндан сўнг чимни ўпиш олдидан ҳамкасбини итқитиб, сўкиб юборган Бабаянга ишонч қайтган кўринади.

Бироқ, "Стадионларимиз яхшиланиб бормоқда", "Ўзбекистонда футбол ривожланмоқда", деган важу карсонлар билан терма жамоа бош мураббийи олдига таркибни ёшартириш каби (мужмал) вазифалар белгиланганди, деган жавоб янграйдиган бўлса Самвел Вячеславович Бабаян шу вазифага жуда мос. Бемалол ишлайвериши керак. Мураббийларимиз конкрет бўлмаган, мужмал вазифаларни ортиғи билан уддалашади. Ўтган мартадаги постимда ёзганимдек, бу ҳолатда Бабаян охиригача ишлайвериши ва саралаш циклидаги натижа учун яккаш ўзи жавоб бериши керак. Лекин қандай қилиб ва нима билан жавоб беради, деган савол мухлислар учун очиқлигича қолиб кетади... Чунки мужмал вазифанинг сўровиям, жавобиям мужмал бўлади. Табиат қонуни!»