Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мажлислар залида Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев раҳбарлигида мажлис бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kruz.uz. 

Мажлисда шаҳар ва туман ҳокимияти ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан 2016 йилнинг 12 ойи давомида амалга оширилган ишлар, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларидаги ўқувчиларнинг давомати ҳамда 2016-2017 ўқув йилида чет давлатларга чиқиб кетган ўқувчиларни ўқишга қайтариш масалалари кўрилди.

Мажлис давомида ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар кенг тарзда муҳокама қилинди. Барча шаҳар ва туман ИИБ ходимлари томонидан 2016 йил давомида таълим муассасаларида, маҳаллаларда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 5712 марта учрашув кечалари, давра суҳбатлари ўтказилганлиги таъкидлаб ўтилди хамда келгусида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, мажлисда Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасаларидаги ўқувчиларнинг давомати ҳамда жорий йилнинг март ойига чет давлатларга чиқиб кетган 68 нафар ўқувчиларни ўқишга қайтариш масалалари ҳақида айтиб ўтилди. Айниқса, Тўрткул туманида чет давлатларга чиқиб кетган ўқувчи ёшларнинг кўплаб учраётганлиги ҳамда ўқувчиларнинг дарслардаги давомати ачинарли ҳолда эканлиги қаттиқ танқидга олинди ва ушбу ўқувчиларни ўқиш ҳамда яшаш жойларига зудлик билан қайтариш чораларини кўриш бўйича тегишли муассасаларга вазифалар белгилаб берилди.