Кеча, 28 март куни сайтимиз орқали шу кунларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан test-migration.uz сайти орқали Жанубий Кореяга ишлашга кетиш учун онлайн анкета тўлдириш бошлаб юборилгани ҳақида маълум қилган эдик. Айрим сабабларга кўра, кеча мазкур сайт ишламай қолган эди. Бунга фойдаланувчилар оқимининг кўпайиши сабаб этиб кўрсатилди. Вазият билан яқиндан таниш манбанинг сайтимизга хабар беришича, сайт 29 март куни соат 9:00дан 18:00га қадар ишлаши зарур эди. Бу муаммони бартараф этишга зарур мутахассилар жалб этилгани ҳам айтилганди. Аммо мазкур сайт айтилган кун ҳам ишламаяпти.

Маълумотларга кўра, сайт ишламаётгани учун 200 00 61 ишонч рақамларига қилинган қўнғироқлар ҳам жавобсиз қолмоқда. Гўё, “яхшиси тинчгина жавоб бермаган маъқул”, деган  йўлга ўтиб олишгандек. Мазкур вазият юзасидан қўшимча маълумотлар эса ҳеч бир манбада кўрсатилмаган.

Биз-ку майли, вазият юзасидан маълумот олиш ва уни ўқувчиларимизга етказиш мақсадида уриниб кўрдик. Бироқ бу ҳолат Жанубий Кореяга бориб ишлашни мақсад қилган, бу ишга астойдил киришган фуқароларнинг вақти, асаби, маблағи борасида турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Сайт ишламаётган бўлса, турли ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мазкур вазиятга ойдинлик киритилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки айни кунларда интернетдан аксари ўзбекистонликлар фаол фойдаланишади. Ўйлаймизки, барчаси кўнгилдагидек давом этади.