Фарғонанинг Қўқон шаҳрида ташкил этилган Indorama Kokand Fertilizers қўшма корхонаси 2018 йил январь ойидан илк маҳсулотини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда, деб ёзмоқда Sputnik Ўзбекистон нашри "Ўзкимёсаноат"даги манбасига таянган ҳолда.

ҚК Сингарпурнинг Indorama компаниялар гуруҳи ҳамда Ўзбекистон давлат рақобат қўмитаси билан ҳамкорликда Қўқон суперфосфат заводи негизида ташкил этилган. Бунда Сингапур томони ишлаб чиқаришга 83 млн доллар сармоя киритиш шарти билан корхонанинг 85 фоиз улушига эгалик қилмоқда. 

Indorama 2017-2018 йилларда ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга 23 млн доллар сарфлашни режалаштирган. Корхонада заводнинг ҳозирги аҳволи ва бажариладиган ишлар ҳажмини аниқлаш мақсадида хорижий экспертлар иш олиб бормоқда. 

2018 йил январида аммонийлаштирилган суперфосфатнинг дастлабки партияси ишлаб чиқарилади. Бир йилда тахминан 172 минг тонна маҳсулот мижозларга етказиб берилади. Манбанинг айтишича, томонлар корхонанинг келгуси стратегияси борасида ҳам аниқ тасаввурга эга. Хусусан, 2019 йилда 170 минг тонна аммонийлаштирилган суперфосфат ишлаб чиқувчи яна бир қувват ишга туширилади. 2020 йилда дикальцийфосфат, 2021 йилда сульфат калий ишлаб чиқарувчи линиялар ишга туширилади. Маҳсулотнинг 50 фоизга яқини экспорт қилинади.