Россиянинг «Газпром» компанияси кейинги беш йил давомида Ўзбекистон газини харид қилади. Бу ҳақда компания раҳбари Алексей Миллер ЎзАга маълум қилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиш мен учун катта шараф. Бугун шундай бахтга муяссар бўлдим. Суҳбатимиз ғоят мазмунли бўлди. Ўзбекистон ҳудудидаги йирик лойиҳаларни ишга тушириш масалаларини муҳокама қилдик. Ўзбекистон газини беш йил давомида харид қилиш бўйича келишувга эришдик. Ушбу масала юзасидан яқин орада шартнома тузиш режаси кўриб чиқилди. Қайд этиш жоиз, мазкур келишув мамлакатларимиз ўртасида газ соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлигимизнинг янги саҳифасини очади. Келгусида бу йўналишдаги алоқаларимизни янада ривожлантириш ниятидамиз.

«Суҳбат давомида 2017—2021 йиллар даврида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда мамлакатингиз ҳудудида янги газ конларини қидириш ва ишга тушириш бўйича ҳам фикр алмашдик.

Айни пайтда компаниямиз томонидан Устюртдаги «Жел» конида газ конденсатини ўзлаштириш бўйича техник вазифа тайёрлаш ишлари давом этмоқда. «Шахпахти» кони биргаликда ўзлаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур йўналиш бўйича бизга зарур кўрсатма ва тавсияларини айтди.

Ёқилғи-энергетика, умуман, газ соҳаси бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларини ҳам муҳокама қилдик», деган Миллер.

Аввалроқ «Газпром» раҳбари Алексей Миллер Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани ҳақида хабар берилган эди.