ГФР федерал прокуратураси Германия ҳудудида ислом тарғиботчиси Фатҳуллоҳ Гулан тарафдорларини кузатаётган турк махсус хизматлари фаолияти устидан суриштирув бошлаб юборди. Бу ҳақда немисларнинг Focus нашрига Карлсруэ шаҳри (Баден-Вюртемберг ери) федерал прокурори идораси матбуот котиби маълум қилган.

 

Ўзларини ўзлари тутиб беришди

Ҳайратланарлиси, суриштирув ишлари бошланишига турк махсус хизмати вакилларини немис ҳамкасбларига мурожаати сабаб бўлган. Туркия миллий разведка ташкилоти (MIT) ўз маълумотларига кўра Гуланнинг ҳаракати билан у ёки бу даражада боғлиқ Германиядаги 300 дан ортиқ шахс ва ташкилотлар ҳақида маълумот тўплаган. Бу рўйхатни MIT раҳбари немис ҳамкасбларининг кўмагидан умид қилиб, Германия федерал разведка хизмати (BND) раҳбари Бруно Каҳлга топширган. Бироқ Каҳл уни конституцияни ҳимоя қилиш идоралари ва федерал ерлар хавфсизлик хизматларига жўнатган.

"Ерларнинг ҳокимияти бу рўйхатдагиларни уларнинг орқасидан жосуслик қилинаётгани ва Туркияга борганда қатағонга учраши мумкинлигидан огоҳлантирилади", — дея хабар беради DW телерадиокомпанияси.

Немис оммавий ахборот воситаларининг маълумотларига кўра, "MIT рўйхати"да алоҳида шахслардан ташқари 200 дан ортиқ жамоат ташкилотлари, уюшмалар ва мактаблар ҳм ўрин олган. У ерда уларнинг манзили, телефонлари ва кўп ҳолатларда кузатилаётган шахслларнинг фотосуратлари ҳам бор.

Мусулмон тарғиботчиси Фатҳуллоҳ Гуланни Анқара 2016 йилнинг июлида Туркияда бўлиб ўтган муваффақиятсиз давлат тўнтаришида айблаб келади. Германия махсус хизматлари ҳарбий қўзғалоннинг бу тахминини тан олишмайди ва бу ҳол Анқаранинг кучли эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.

Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Қалиннинг билдиришича, ГФР Туркияда бўлиб ўтган давлат тўнтариши ташкилотчиларини қўллаб келмоқда ваГулан тарафдорларидан  Анқарага босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланмоқчи. Бунга жавобан BND раҳбари Бруно Каҳл ҳозирча Туркия Гуланнинг диний ва дунёвий таълим бериш билан машғул фуқаролар уюшмаси экстремистик фаолиятга алоқадор эканлиги борасида етарли далил келтира олмаган. Унинг сўзларига кўра, давлат тўнтариши Туркия давлат муассасаларида "тозалаш" ишлари олиб бориш учун "шунчаки қулай важ" бўлган бўлиши мумкин.

 

Янги таранглик

ГФР ҳукуматини турк разведкаси НАТО бўйича ҳамкор-давлатда кенг миқёсли жосуслик ишлари олиб боргани, боз устига буни ўзи тан олиб, кўмак сўрагани ғазаблантирган. Бу жосуслик можароси сўнгги вақтда Берлин ва Анқара ўртасидаги тарангликнинг янги босқичга кўтарилганлигини англатади.

Можаро 2016 йилнинг охирида, Германиянинг етакчи Die Welt нашрининг келиб чиқıши турк бўлган журналисти Дениз Южал Туркияда ҳибсга олинганидан бошланган эди.

Берлиннинг журналистни оззод этиш борасидаги кўп сонли талаблари, халқаро ташкилотлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланига қарамасдан, Анқара томонидан ҳанузгача бажарилган эмас.

Боз устига, Германи ўз мамлакати ҳудудида курдларга оммавий намойишлар ўтказишга рухсат берганидан Туркия норози. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон немис ҳукуматини курд айирмачиларига ёрдам қўлини чўзганликда айблаб, ГРФни "террорзимга шерик давлат" деб атаган.

Шу йилнинг март ойи бошларида бир қатор немис шаҳарлари мэрликлари турк вазирларига оммавий тадбирлар ўтказиш учун майдон беришни рад этгач, таранглик янада кескинлашди. Гаггенау, Кёлн ва Ҳамбург шаҳар ҳокимиятлари хавфсизлик нуқтаи назаридан туркияликларга митинг учун рухсат беришмаган эди.

Туркия ҳукумати аъзолари 16 апрель куни мамлакатда ўтказиладиган референдумнинг тарғибот кампанияси доирасида турк диаспораси йиғинлари олдида чиқиш қилишни мўлжаллашган эди. Референдумда турк сайловчилари президентнинг ваколатларини сезиларли даражада оширувчи конституцияга киритиладиган ўзгартиришларга овоз беришлари керак. Германияда миллиондан ортиқ турк фуқаролари яшашади ва уларнинг овози ҳам референдумда ҳал қилувчи бўлиши мумкин.

Илгаридан ГФР ва унинг федерал канцлери Ангела Меркел ҳақида гап борганда сўз танлаб ўтирмаслиги билан танилган Эрдўғон Эрдоган бу сафар тамоман қуюшқондан чиқиб, митингларнинг тақиқланишини ўзига нисбатан фитна деб баҳолади ва Меркелни "нацистлар усули"дан фойдаланаётганликда айблади. Туркия президентининг гап оҳанги Германия ва Еропа иттифоқида норозилик келтириб чиқарди.ГФР ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэл Эрдўғон "рухсат этилган чегарани бузганлиги"ни айтди, Еропарламентдаги энг йирик консерватив фракция етакчиси Манфред Вебер эса Эрдўғоннинг чиқишлари Туркиянинг жаҳондаги обрўсига раҳна солганини таъкидлади.

 

Дарз кенгаймоқда

Анқара ва Берлин ўртасидаги зиддият нафақат чуқурлашмоқда, балким кенгаймоқда ҳам. Чоршанба куни DW Германия ҳукумати немис ҳарбий ҳаво кучларинининг Осиёдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашуви учун Туркиядаги Инжирлик ҳарбий-ҳаво базасидан бошқа ҳарбий базалар ахтаришга тушгани ҳақида хабар тарқатди. Ҳукуматга кўра, бунинг учун Иордания, Кувайт ва Кипрдаги ҳарбий базалар яроқли.

Туркия шарқидаги Инжирлик базасида бундесвернинг АҚШ бошчилигида ИШИД террорчилик ҳаракатига қарши курашаётган халқаро коалицияси таркибига кирувчи 270 аскари ва зобитлари, бир неча "Тонрнадо" разведкачи самолётлари жойлаштирилган. 2016 йилда Германия парламентининг арманларнинг қатли ом қилинганлигини тан олиш ҳақидаги резолюциясига жавобан Туркия бир неча бор бундестаг депутатларига Инжирлик базасига киришни тақиқлаган.

Турк-немис муносабатларидаги таранглик Европанинг бошқа давлатлари ва бутун Европа иттифоқи билан Туркиянинг зиддияти фонида рўй бермоқда. Нидерландия билан муносабатлар турк расмий шахсларига мамлакатга кириб, референдум олдидан турк диаспораси вакиллари билан тарғибот митинглари ўтказиш тақиқланганидан сўнг ёмонлашди. Турк раҳбарларида Швеция ва Дания ҳукумати билан ҳам алоқаларда шундай ҳолат юзага келди.

Софиядагилар Болгарияда ўтган парламент сайловларида даврида Анқара туркияда яшовчи болгарлар ва Болгарияда яшовчи туркларга таъсир ўтказишга бўлган уринишидан норози бўлишди.

Туркиянинг Европа иттифоқи билан тузилган миграцион битимларни тарк этиши ҳақидаги баёнотлари ҳам Туркия ва Европа ўртасидаги муносабатларда илиқлик юзага келишини таъминламаяпти. Анқара шундай ҳаракатга қўл урса, Европа давлатларига Яқин Шарқдан қочқинларнинг янги ва кучли тўлқини ёпирилади.